Ёш ижрочиларнинг ижодий танлови
Миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси ҳамда Президентимизнинг «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ санъат соҳасидаги ислоҳотларнинг янги стратегияси қабул қилиниб, ҳаётга изчил жорий этилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 февралдаги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги тегишли қарорлари билан маданият ва санъат таълим муассасаларининг ўқувчилари ўртасида «Ёш ижрочилар» республика танлови ўтказилди. "Туркистон" саройида бўлиб ўтган мазкур танлов Ўзбекистон истеъдодли ёшлар диёри эканини яна бир бор кўрсатди.
Танлов 12 та йўналишда, 67 та номинацияда - халқ чолғулари, пуфлама ва зарбли чолғулар, фортепиано, академик хонандалик, торли чолғулар, театр санъати, фольклор ижрочилиги, эстрада хонандалиги, эстрада чолғу ижрочилиги, анъанавий хонандалик, анъанавий чолғу ижрочилиги, хореография санъати йўналишида ўтказилди.
Очиқлик ва шаффофлик тамойили танловнинг бош мезони бўлди. Яъни, танлов жараёнлари ижтимоий тармоқларда жонли равишда ёритиб борилди. Танлов мобайнида иштирокчиларни ҳар бир йўналиш бўйича соҳанинг етакчи мутахассислари баҳолади.
Ҳакамлар ҳайъатининг қарори билан жами истеъдодли ёшларнинг катта гуруҳи тегишли номинациялар бўйича биринчи, иккинчи, учинчи ўринларга муносиб бўлди.
Танлов ғолиблари Маданият ва туризм вазирлиги томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Ушбу танловдан кўзланган асосий мақсад ёш ижрочиларнинг ўз мутахассислиги бўйича ижрочилик кўникмаларини янада ривожлантириш, жаҳон мумтоз композиторларининг асарлари, ўзбек ва бошқа халқлар бастакорлари куйларидан баҳраманд бўлиши учун шароитлар яратиш, иқтидорли ёшлар ижодини тарғиб этишдан иборатдир.
Н.Усмонова, ЎзА