Ёш гимнастлар маҳорати синовдан ўтди
Сирдарё вилоятида мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида ташкил этилган “Гимнастикага илк қадам” фестивалининг вилоят босқичи юқори савияда ўтказилди. Спорт байрамига айланган тадбирда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан сараланган иқтидорли тарбияланувчилар ўз маҳорати, интилиши ва гимнастикага бўлган қизиқишларини намоён этишди.
Сирдарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган фестиваль мактабгача ёшдаги болалар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортга қизиқишларини ошириш, гимнастика орқали уларнинг чаққонлиги, эпчиллиги, мувозанатни сақлаш қобилияти ҳамда жамоада ишлаш кўникмаларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.
Мусобақа давомида иштирокчилар гимнастика машқларини ишонч ва маҳорат билан бажариб, мунтазам машғулотлар самарасини намойиш этди. Ҳакамлар ҳайъати чиқишларни техник ижро, ҳаракатларнинг аниқлиги, бадиий ифода ва умумий тайёргарлик даражаси асосида баҳолади.
[gallery-30250]
Фестиваль якунларига кўра, ўғил болалар ўртасида Сирдарё туманидаги 1-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Ислом Камолов биринчи ўринни қўлга киритди. Қиз болалар баҳсларида эса Шаҳризода Шаҳриддинова ғолиб деб топилди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, биринчи ўрин соҳиблари фестивалнинг республика босқичида Сирдарё вилояти шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА