Ёш физиклар беллашуви: Фарғона халқаро илм-фан майдонига айланди
Кейинги йилларда Ўзбекистон вакилларининг халқаро фан олимпиадаларида эришаётган юксак зафарлари жаҳон илмий ҳамжамиятининг мамлакатимизга бўлган эътиборини сезиларли даражада оширди. Хусусан, 2025 йилда Самарқанд мезбонлик қилган аниқ фанлар беллашувидан сўнг, навбатдаги йирик анжуман Фарғона вилоятида старт олди.
Фарғона шаҳридаги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейи базасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)га аъзо мамлакатлар ҳарбий лицейлари ўқувчилари ўртасида физика фани бўйича 2026 йилги халқаро олимпиаданинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Хорижий делегациялар ва иштирокчилар ўзбекона миллий анъаналарга хос самимият ва юксак эҳтиром билан кутиб олинди.

Мазкур халқаро олимпиада ёш авлод ўртасида илм-фанга, хусусан, физика фанига бўлган қизиқишни янги босқичга олиб чиқиш, иқтидорли ёшларнинг назарий ва амалий билимларини халқаро мезонлар асосида синовдан ўтказиш учун ўзига хос интеллектуал майдондир. Шу билан бирга, бу каби нуфузли мусобақалар турли давлатлар ёшлари ўртасида ўзаро дўстлик, маданий алоқалар ва илмий ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан ёш физиклар беллашувига расман старт берилди. Икки кун давом этадиган мусобақа давомида иштирокчилар нафақат ўз билимларини намойиш этади, балки ўзаро тажриба алмашиш имкониятига ҳам эга бўлади.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА