Ёш экспортчилар учун ўқув-семинар
Сирдарё туманининг Интилиш маҳалласида Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ёш фермерлар кенгаши томонидан “Ёш экспортчилар” лойиҳаси доирасида ўқув-семинар ташкил этилди.
Унда уюшмаган ёшларни фермерлик ҳаракатига кенг жалб этиш, ёш фермер хўжаликларини кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш орқали ёшлар бандлигини таъминлаш, улар учун ажратилган ер майдонларида сердаромад маҳсулотлар етиштириш, етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаб экспортга йўналтириш, оила бюджети, рўзғор тўкинчилигига хизмат қиладиган лойиҳалар, уни ишлаб чиқиш учун нималарга аҳамият қаратилиши лозимлиги тўғрисида сўз юритилди.
Шунингдек, ёшлар иштирокида экспорт бозорларини ўрганиш, халқаро шартномалар тузиш, маҳсулотларни халқаро стандартларга мослаштириш масалаларида амалий машғулот ҳам ўтказилди.
Ўқув-семинар жараёнида хорижий тилларни ўзлаштирган, “Ёшлар дафтари”га киритилган, меҳнат миграциясидан қайтиб келган 120 нафар, қишлоқ хўжалиги соҳасига қизиқиши боис ер олган 80 нафар ёш ҳамда маҳаллалардаги ёшлар етакчилари иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволларга тренинглардан жавоб олишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири