“Ёш экспортчилар” лойиҳасига старт берилди
Ёшларга тадбиркорлик соҳасида муваффақиятли фаолият юритиши учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни оширишга қаратилган “Ёш экспортчилар” лойиҳаси ўз ишини бошлади.
Бу лойиҳа мамлакатимизда халқаро бозорларга чиқишга интилаётган ёш тадбиркорлар учун муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ёшлар ишлари агентлиги, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ўзбекистон ёш фермерлари кенгаши ва “Ибрат фарзандлари” ҳамкорлигида ташкил этилган лойиҳа доирасида 60 нафар ёшлар иштирок этди.

Иштирокчилар бир ҳафта давомида Бўстонлиқ туманидаги Ёшлар оромгоҳида экспорт, молиявий саводхонлик ва бизнесни режалаштириш бўйича ўқитилди.

Шунингдек, иштирокчилар тажрибали мутахассислар билан амалий машғулотларда қатнашиб, ўз бизнес ғояларини ривожлантириш учун муҳим маслаҳатлар олди.

Маълумотларга кўра, семинар-тренингларни яхши ўзлаштириб тамомлаган ёшлар республикамизда фаолият олиб бораётган экспорт корхоналарга бириктирилиб, доимий иш билан таъминланади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА