Ёш ботаникларнинг халқаро ҳамкорлиги кучаймоқда
Сўнгги йилларда ботаника фани нафақат назарий, балки амалий жиҳатдан ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Ўсимликлар биохилма-хиллигини чуқур ўрганиш, уларни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш жараёнларига татбиқ этиш масалалари жаҳон миқёсида долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу жараёнда эса албатта ёш олимларнинг фаол иштироки, ижодий ёндашувлари ва илғор ғоялари алоҳида ўрин тутади.
Шу мақсадда, 2025 йил 11–12 сентябрь кунлари Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника институтида анъанавий “Ёш ботаник олимлар конференцияси” бўлиб ўтди.
Бу гал тадбир илк бор халқаро миқёсда ўтказилиб, унда нафақат мамлакатимиз, балки Хитой, Жанубий Корея, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа давлатлардан келган ёш тадқиқотчилар ҳам иштирок этишди.
Конференцияда ботаника фанининг турли соҳаларидаги энг долзарб масалалар муҳокама қилинди. Табиий экотизимларда ўсимликлар хилма-хиллигини тадқиқ этишнинг замонавий услублари, IUCN Қизил рўйхати ҳамда миллий Қизил китоб асосида йўқолиб бораётган турларни баҳолаш усуллари, шунингдек молекуляр-генетик таҳлиллар ва биоинформатиканинг ботаникада қўлланиши ҳақида илмий фикрлар алмашилди.
Шу билан бирга, биотехнология, ўсимликлар биокимёси ва структуравий ботаника соҳасидаги сўнгги ютуқлар тақдим этилди. Камёб турларни интродукция қилиш ва ex-situ сақлаш технологиялари эса конференция иштирокчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди.
Илмий тадбир ёш олимлар учун ўз изланиш натижаларини намойиш этиш, тажриба алмашиш ва халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш имконини берди. Мунозаралар жараёнида нафақат илмий хулосалар умумлаштирилди, балки экологик ва биотехнологик ташаббуслар ҳам илгари сурилди. Энг фаол иштирокчилар эса тақдирланди.
Конференциянинг амалий аҳамияти ҳақида сўз юритар экан, Ботаника институтини модернизация қилиш лойиҳаси раҳбари — Дилмурод Маҳмуджонов шундай дейди:
— Ушбу лойиҳа Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланfди ва тўртинчи марта ўтказилаётган ёш ботаник олимлар конференцияси бу йил илк бор халқаро даражада ўтказилиши билан аҳамиятли. Россия, Хитой ва қўшни Ўрта Осиё давлатларидан келган ёш тадқиқотчилар нафақат офлайн, балки онлайн тарзда ҳам иштирок этиб, олиб борган илмий ишлари натижаларини тақдим этмоқда. Бу платформа ёшлар учун фақат ўз натижаларини намойиш этиш майдони эмас, балки ҳамкорлик ва тажриба алмашиш масканидир.
Халқаро ҳамкорликнинг зарурлигини таъкидлар экан, олим қўшиб қўйди:
— Замонавий ботаник тадқиқотлар фақат маҳаллий доирада эмас, балки халқаро ҳамкорликда амалга оширилганда самарали натижа беради. Ўзбекистон Ботаника институтида ёш олимлар хорижий ҳамкасблар билан яқиндан танишиб, илмий методлар ва ғоялар алмашмоқда. Бу эса мамлакатимиз ботаникасининг янги босқичга кўтарилишида муҳим аҳамиятга эга.
Унинг сўзларига кўра, институтда олиб борилаётган изланишлар классик йўналишлардан ташқари молекуляр тадқиқотлар ва ахборот технологияларини қамраб олган ҳолда янги сифат даражасига кўтарилган. Ёш тадқиқотчиларнинг мақолалари нуфузли халқаро журналларда чоп этилмоқда, натижада институт 2022 йилда Фанлар академияси тизимида энг илмий ва инновацион муассаса сифатида эътироф этилган.
— Бу эътирофни сақлаб қолиш масъулияти катта. Шу боис ёш олимлар, докторантлар ва магистрлар биргаликда изланиш олиб боришга интилмоқда. Айни пайтда, биз учун энг асосий мақсад — Ўзбекистон ботаникасини дунё миқёсида муносиб намоён этиш, — дея таъкидлади, ёш тадқиқотчи.
Тошкентда ўтказилган ушбу конференция ёш ботаниклар учун нафақат илмий майдон, балки янги ҳамкорлик ва илмий изланишларга йўл очиб берувчи муҳим маконга айланди. Мазкур ташаббус Марказий Осиёда биохилма-хилликни асраш ва барқарор ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқишда ёшлар салоҳиятини янада кучайтиришга хизмат қилади.
М.Эшмирзаева, А.Алижонов, ЎзА