Ёш боксчиларимиз Қозоғистонда
Қозоғистоннинг Кустаной шаҳрида бокс бўйича 2003-2004 йилларда туғилган ёшлар ўртасидаги халқаро турнирга старт берилди.
Мазкур турнирда қатнашиш учун бокс бўйича тажрибали мураббийлар Ҳамиджон Жиенбоев ва Жалол Хабизов раҳбарлигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг 5 нафар боксчиси Қозоғистонга етиб борди.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мураббийларининг билдиришича, айнан ушбу турнирда қатнашадиган 2003-2004 йилда туғилган ёшлар орасида ўз иқтидорини намойиш қилганлар келгуси халқаро мусобақаларда, жумладан, 2024 йилги ёзги олимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган боксчилар бўлиб камолга етади. Шунинг учун ҳам ҳозирдан бу ёшларнинг халқаро мусобақаларга кўникмасини ошириб бориш лозим.
Халқаро турнир жангларини бошқариб борадиган ҳакамлар рўйхатида ҳамюртимиз Маъруф Урдушев қайд этилган бўлиб, мазкур турнир бокс реферелари учун ҳам ўзига хос тажриба майдони бўлиб хизмат қилади.
Халқаро турнирда Россия, Қирғизистон, Қозоғистон ва мамлакатимиздан 200 нафардан зиёд ёш боксчи иштирок этмоқда. Мусобақалар жорий йилнинг 30 июлигача давом этади.
Тўлқин Рўзиев