Ёш аскарлар қасамёд қабул қилди
Мудофаа вазирлигининг Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи Хайрабод гарнизонидаги ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарлар Ватанга тантанали қасамёд қилди.
Давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий пенсионерлар, ҳарбийлар, муддатли ҳарбий хизматчилар ва уларнинг ота-оналари, қавму қариндошлари иштирок этган маросимда сўзга чиққанлар мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини, халқимизнинг тинч, тўкин ҳаётини таъминлашда юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Ҳарбий мажбуриятни ўташ эса ҳар бир ўғлон учун шарафли бурч экани қайд этилди. Ватанимиз осойишталигини, халқимиз фаровонлигини таъминлашдек шарафли вазифани бажариш учун қасамёд қабул қилган аскарлар ва уларнинг яқинларини самимий табриклади.


Тантанали маросимда ёш аскарлар Ўзбекистон халқига ва Президентига садоқатли бўлишга, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган талабларни виждонан бажаришга, халқ ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қасамёд қилди.
–Бугун оиламиз учун унутилмас кун бўлди, –дейди муддатли ҳарбий хизматга Наманган вилояти Чуст туманидан чақирилган Ҳусанбой Раҳмоновнинг онаси Шамихон Усмонова. –Ўғлим Ватанга, Президентимизга, халқимизга садоқат билан хизмат қилишга ваъда берди. Фарзандининг тантанали қасамёди ҳам онага ўзгача фахр улашар экан. Ватанимизни кўз қорачиғидек асрашга сўз берган ўғлим Ҳусанбой билан фахрланамиз.


– Барча сафдошларим қатори мен ҳам қасамёд қилдим, –дейди Тошкент вилояти Зангиота туманидан чақирилган муддатли ҳарбий хизматчи, оддий аскар Ҳусниддин Қобулжонов. –Қасамёдгача ҳам ҳаётимда эсда қолган, сермазмун кунлар кўп бўлди. Ҳарбий ҳаётга тез кўникдим. Бу ерда биз учун барча шарт-шароит бор. Буни давлатимизнинг она юрт қўриқчиларига кўрсатилаётган юксак эътибор намунаси, деб биламан. Ана шу эътиборга муносиб бўлиб, зиммамдаги йигитлик бурчимни астойдил бажараман.


Армия йигит кишини чиниқтиради, тоблайди, деган гапларнинг жуда тўғри эканига амин бўлаяпман. Чунки, хизмат даврида шижоат, фидойилик, ўзимга бўлган ишонч туйғуларини ҳис этаяпман. Энди ҳар тарафлама билимимни янада ошираман. Бунинг учун ҳарбий қисмимизда етарли қулайлик мавжуд. Биздан фақат хизматни сифатли, виждонан адо этиш, ўқиш ва ўрганиш талаб этилади, холос. Хуллас, ҳаёт мактабидан кўп нарсани ўрганишни мақсад қилганман.
Тадбирда ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали жанговар чиқишлари намойиш этилди. Қасамёд қабул қилган ёш аскарларга совғалар топширилди.


Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири