Ёқилғи қуйиш шохобчаларида нақдсиз тушумлар ҳажми маълум қилинди
Марказий банк 1–2 апрель ҳолатига ёқилғи қуйиш шохобчаларида нақдсиз тушумлар ҳажми ва тўлов усуллари бўйича таҳлилни эълон қилди.
Маълум қилинишича, март ойида ўртача кунлик тушум 102,6 миллиард сўмни ташкил этган. Шундан 58,1 фоизи нақд пул, 41,9 фоизи нақдсиз шаклда амалга оширилган.
Апрель ойининг дастлабки икки кунида тушумлар сезиларли даражада ошган. Жумладан, 1 апрель куни — 93,2 миллиард сўм, 2 апрель куни — 152,6 миллиард сўм тушум қайд этилган.
Марказий банк таҳлилига кўра, нақдсиз тушумларнинг қарийб 90 фоизи амалдаги банк карталари ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу аҳоли ўртасида пластик карталардан фойдаланиш даражаси юқори эканини ҳамда рақамли тўловларга ишонч ортиб бораётганини кўрсатади.
QR-кодлар орқали тўловлар 1 апрель 8,2 миллиард сўмни, 2 апрель 7,7 миллиард сўмни ташкил этган. Момент карталар орқали 1 апрель 1,6 миллиард сўм, 2 апрель 3,6 миллиард сўм (кескин ўсиш)ни ташкил этган.
Ёқилғи карталари орқали эса 1 апрель 2,4 миллиард сўмни, 2 апрель 2,5 миллиард сўмни ташкил этган. Мавжуд банк карталари орқали 1 апрель 80,9 миллиард сўм, 2 апрель 138,6 миллиард сўмни ташкил этган.
Ушбу кўрсаткичлар мамлакатда нақдсиз ҳисоб-китоблар улуши изчил ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА