Ёқилғи-энергетика тармоғида янги бошқарув механизмлари жорий этилади
Ёқилғи-энергетика тармоғини барқарор ривожлантириш, соҳада самарали бошқарув ва замонавий тартибга солиш механизмларини жорий этиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда соҳани янада ривожлантиришга қаратилган янги ҳужжат қабул қилинди.
Президентимизнинг 2026 йил 22 сентябрдаги “Ёқилғи-энергетика тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан соҳадаги бошқарув ва тартибга солиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган янги вазифалар белгиланди.
Ҳужжатга мувофиқ, Энергетика вазирлиги томонидан ёқилғи-энергетика тармоғи корхоналари ва истеъмолчиларига шартномавий, хизмат кўрсатиш ҳамда бошқа хўжалик муносабатлари доирасида индивидуал тусдаги рухсатномалар бериш амалиёти тугатилади.
Шунингдек, Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлигининг ваколатлари кенгайтирилади. Агентликка электр энергияси билан бир қаторда табиий ва суюлтирилган газ таъминотида бозор тамойилларини босқичма-босқич жорий этиш ҳамда ушбу жараёнларни тартибга солиш вазифаси юкланади.
Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси фаолиятида эса қоидабузарликларнинг олдини олиш, профилактика ишларини кучайтириш ва хавфларни эрта аниқлашга қаратилган превентив назорат моделига ўтилади.
Фармон билан ёқилғи-энергетика тармоғи корхоналарининг асосий фаолият йўналишлари ҳам белгилаб берилди. Улар ёқилғи-энергетика ресурсларини қазиб олиш ва ишлаб чиқаришдан тортиб, қайта ишлаш, ташиш, сақлаш, узатиш, тақсимлаш, етказиб бериш ҳамда сотишгача бўлган жараёнларда хўжалик ва тижорат фаолиятини амалга оширади.
Соҳада тарифларни белгилаш жараёнини рақамлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, 2027 йил 1 июлдан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси фаолияти учун Ёқилғи-энергетика соҳасида идоралараро тариф комиссиясининг ягона рақамли платформаси ишга туширилади.
Янги тизим орқали тартибга солинадиган корхоналарнинг тариф буюртмалари, шунингдек, тарифларни ҳисоблаш учун зарур молиявий, техник ва бошқа маълумотлар электрон шаклда қабул қилиниб, қайта ишланади. Тариф ҳисоб-китоблари эса Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган тартиб асосида автоматлаштирилган ҳолда амалга оширилади.
Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг қайд этишича, мазкур ўзгаришлар ёқилғи-энергетика соҳасида бошқарув жараёнларини соддалаштириш, назорат механизмларини такомиллаштириш ва тарифларни белгилашда рақамли ёндашувни кенгайтиришга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА