Ёмғир сувларидан фойдаланиш тизимини жорий этиш бўйича таклиф билдирилмоқда
Табиат муҳити, иқлим ўзгаришлари инсониятни сув ресурсларига нисбатан янада тежамкор бўлишга чорламоқда. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида сув танқислиги ортидан турли озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва иқтисодий тараққиётдан ортда қолмоқда.
Маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, бугун ер юзида қарийб 1,1 миллиард киши турли даражадаги сув танқислигидан азият чекмоқда. Глобал иқлим ўзгариши натижасида сўнгги 50-60 йил давомида биргина Марказий Осиёда музликлар майдони тахминан 30 фоизга қисқарган. Статистикага кўра, Ўзбекистон «Сув стресси»дан азият чекаётган давлатлар рейтингида 164 мамлакат орасида 25-ўринни эгаллаган. Бу «юқори» даражада сув танқислигига учраган давлатлар қаторидамиз деганидир.
Ўзбекистон Экологик партияси мана шундай шароитда мавжуд сув манбаларидан, жумладан, қор ва ёмғир сувларидан самарали фойдаланиш энг мақбул ечимлардан бири эканини билдирмоқда. Шу боис мазкур партия мамлакатимизда ёмғир сувларидан фойдаланиш тизимини жорий этиш бўйича дастур қабул қилишни таклиф этди.
Юртимиз бўйлаб ёғингарчиликнинг ўртача йиллик ҳажми 186 мм.ни, хусусан, адир ва тоғолди қисмларида 300-550 мм.ни ташкил этади. Тоғли ҳудудларда эса янада юқори – 800-900 мм.гача етиб, 70-90 кунгача ёғингарчилик кузатилади. Ҳисоб-китобларга кўра, 1 квадрат метр том сатҳидан ўрта ҳисобда 186 литрга тенг ёмғир сувини тўплаш мумкин.

Ёмғир сувидан фойдаланиб, бир киши кунига ўртача 71 литргача ичимлик сувни тежаши мумкин. Ҳозир, бир кишининг кунлик ўртача сув сарфи 130 литрни ташкил этади. Агар биз ҳозир тоза ичимлик сув сарфлаётган ишлаб чиқариш жараёнлари, маиший, уй-хўжалиги, автомобилларни ювиш кабилар ёғингарчилик суви ҳисобидан бўлса, мамлакат бўйича сезиларли миқдорда тоза ичимлик сув тежалади, дейилади маълумотларда.
Мисол учун, Туркияда 2 минг квадрат метрдан ортиқ кўп қаватли уйлар ҳамда янги қурилаётган биноларда ёмғир сувини йиғиш тартиби белгиланган. Германияда Франкфурт аэропортида йиғилган ёмғир суви аэропортнинг кўкаламзорлаштирилган ҳудудларининг 60 фоизини суғориш ва техник сув ўрнини қоплаш имконини беради. Австралияда эса ёмғир суви шаҳарларда 9 фоиз, шаҳардан ташқарида 63 фоиз сувга бўлган талабни қондиради.

Ёмғир сувларини тўплаш одамларнинг сувга бўлган муносабатини ўзгартиради. Ҳар бир юртдошимиз йиғилган сувни тежашга ҳаракат қилади ва бугун миллионлаб кубометр беҳуда йўқотилаётган қимматбаҳо ресурс тежалади.
Шу боис, Ўзбекистон Экологик партияси мамлакатимизда ёмғир сувларидан фойдаланиш тизимини жорий этиш бўйича таклифларини ишлаб чиқиб, Ҳукуматга тақдим этишини маълум қилмоқда
М.Мадаминова, ЎзА