Йўловчилар эътирозига сабабчи бўлманг
Жиззах вилоят давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан вилоят ИИБ йўл ҳаракати бошқармаси ва бошқа мутасадди идоралар ходимлари билан ҳамкорликда шаҳар ва туманлардаги йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи йўналишсиз такси ҳайдовчилари учун тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Жумладан, Фориш туман давлат солиқ инспекцияси ва бошқа бир қатор мутасадди ташкилотлар ходимлари билан биргаликда тумандаги йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи йўналишсиз такси ҳайдовчилари ўртасида йўлкирани асоссиз оширмаслик, йўловчилар билан муомала маданиятига риоя этиш, норозилик келтириб чиқарувчи ҳолатларга йўл қўймаслик, иш фаолиятлари давомида йўл қоидаларига қатъий риоя этиш юзасидан мунтазам равишда тарбиявий аҳамият касб этувчи тадбирлар ўтказиб борилаётир.
Ушбу тадбирлар давомида Президентимизнинг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда жорий йил 7 июлдаги “Автотранспорт воситаларини бошқаришда ва йўналишсиз такси фаолиятини амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида”ги қарорларининг мазмуни атрофлича тушунтириб бориляпти.

Мазкур қарорларга кўра ҳайдовчилар енгил автомобилларда йўловчиларни ташиш фаолияти билан шуғулланишини қонуний тартибга солиш, уларнинг фаолиятини лицензиялаш белгилаб қўйилган. Енгил автомобили ҳайдовчилари эндиликда йўловчи ташиш фаолиятини қонуний амалга ошириш учун давлат хизматларига ариза топширган ҳолда, базавий ҳисоблаш миқдори(БҲМ)нинг 2 баробари миқдорида давлат божи тўлаб лицензия олишлари мумкин.
Шунингдек, ҳайдовчилар солиқ идораларида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш учун БҲМнинг 1 баробари миқдорида йиллик ижтимоий солиқларни тўлов қилиб, ўзини-ўзи банд қилган ҳолда фаолиятини давом эттиришлари ҳам мумкин.
Маълумот учун, жойларда ташкил этилаётган тадбирлар давомида ҳайдовчилар томонидан тўланадиган солиқлар тўлиқлигича фуқароларнинг бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига йўналтирилади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА