“Йўловчи” лойиҳаси: пиёдалар хавфсизлигига эътибор
ФОТОРЕПОРТАЖ
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, пиёдалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва аҳолининг йўл ҳаракати маданиятини юксалтиришга қаратилган “Йўловчи” лойиҳаси доирасида Термиз шаҳрида тарғибот тадбири ўтказилди.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сурхондарё вилояти Кенгаши ҳамда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамкорлигида Термиз шаҳридаги 6-умумтаълим мактабида ташкил этилган тадбирда ўқувчи-ёшларга йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишнинг аҳамияти тушунтирилди.
[gallery-31450]
Суҳбатлар давомида пиёдалар ўтиш жойларидан тўғри фойдаланиш, йўлни кесиб ўтишда ҳушёрликни сақлаш, ҳаракатнинг бошқа иштирокчиларига нисбатан масъулиятли муносабатда бўлиш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, лойиҳа доирасида илгари сурилаётган “қўл кўтариб ўтиш” одатининг мазмун-моҳияти тушунтирилди. Қайд этилганидек, пиёданинг йўлни кесиб ўтишдан аввал қўл кўтариши ҳайдовчи эътиборини ўзига қаратиб, хавфсиз ҳаракатланишга хизмат қилиши мумкин.
Тадбир якунида ёшлар йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилиш, ўз ҳаёти ва атрофдагилар хавфсизлигига масъулият билан ёндашишга чақирилди.
“Йўловчи” лойиҳаси доирасидаги бундай тарғибот тадбирлари ёшлар ўртасида йўл ҳаракати маданиятини шакллантириш ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА