
Кейинги пайтда йўлларда ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари, айниқса, пиёдалар, велосипед ҳайдовчиларининг ҳуқуқларини очиқ менсимаслик ҳолатлари кузатилмоқда.
Бундай ҳолатлар кўпинча муқаддам йўл ҳаракати қоидаларини бузгани ёки йўл-транспорт ҳодисасини содир этгани учун транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинганлар, шунингдек, мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёхуд кишининг ақл-идрокига таъсир қилувчи бошқа моддалар таъсири остида бўлган шахслар томонидан содир этилаётгани аниқланган.
Шу боис, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан мутасадди вазирлик ва идоралардан олинган фикрлар асосида Жиноят кодексининг 266-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган ҳайдовчиларга нисбатан жиноятнинг оғирлигини ҳисобга олган ҳолда жазо чораларини кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Мазкур қўмитада мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан Жиноят кодексининг 266-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар муҳокама қилинди.
Қўмита раиси Қутбиддин Бурхонов 2020 - 2024 йиллар давомида маст ҳайдовчилар сабабли 600 га яқин йўл-транспорт ҳодисаси содир этилганини қайд этди. 2024 йилнинг ўзида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар томонидан 405 йўл-транспорт ҳодисаси рўйхатга олинган. Бундай ҳолатлар аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда ва ижтимоий тармоқлар орқали амалдаги қонунчиликни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланмоқда.
Йиғилишда Бош прокуратура, Адлия ва Ички ишлар вазирликлари ҳамда ИИВ Академияси томонидан тақдим этилган таклифлар асосида ишчи гуруҳ томонидан берилган таклифлар муҳокама қилинди.

Жиноят кодексининг юқорида қайд этилган моддасида белгиланган ҳуқуқбузарликни транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахс ёхуд мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёхуд кишининг ақл-идрокига таъсир қилувчи бошқа моддалар таъсири остида бўлган шахс томонидан содир этилганда оғирроқ жазо чораларини қўллашни назарда тутувчи тегишли қонун лойиҳасини тайёрлаш учун масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат таркибда ишчи гуруҳни шакллантириш масаласи кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида ишчи гуруҳ аъзолари мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари билан биргаликда қонунчилик таклифларини такомиллаштириш ва мазкур соҳадаги қонунчилик нормаларини янада кучайтириш юзасидан ишларни давом эттиришга келишиб олди.
Н.Абдураимова, ЎзА