Йўлидан адашган йигитнинг тақдирига бефарқ бўлинмади
Фуқаро Аброр Маҳмудов ҳали ёш, навқирон, тоғни урса талқон қиладиган йигит эди. Унинг ортидан ота-онасининг ҳам орзу-ҳаваслари улкан эди. Жамиятга нафи тегадиган, ота-онаси, оиласининг бир қувончига ўн қувонч қўша оладиган ёшида йўлдан адашди.
Эҳтимол англаб, балки англамай, ғаразли кимсалар тузоғига тушди. Пул топиш мақсади унинг виждон кўзини кўр қилди.
У 2007 йилдан бошлаб даромад орттириш мақсадида Россия Федерациясида қурилиш ишларида ишлаб келиб, иш фаолияти давомида “Ваҳҳобийлик” диний экстремистик, сепаратистик ва “Жиҳодчилар” диний экстремистик жамоатининг “Москва жиҳодий жамоати” етакчилари билан яқин ҳамкорлик қилиб келган. Ўзини қурилишда ишлайдигандек қилиб кўрсатиб, экстремистик оқим иштирокчисига айланган.
А.Маҳмудов уюшган жиноий гуруҳлар диний экстремистик жамоатига аъзо бўлиб, уларнинг фаолиятида иштирок этган. Ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш, уларни тарқатиш, сақлаш, фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш, жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа қилмишларни содир этган. Шу мақсадда диндан фойдаланиш, миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматини камситишга, диний эътиқодига ёки даҳрийлигига қараб фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конститутцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилишдан иборат жиноятларни содир қилган.
Шу билан бирга, хорижда ишлаш учун борган қариндошлари, қишлоқдошлари, у билан яқин бўлган юртдошларини ҳам бирга ишлаш ниқоби остида фикрини ўзгартириш, тўғри йўлдан оғдириш учун ўз ғаразли ғояларини тарғиб қилиб келган. У ва шерикларининг алдовларига ишониб, шу йўлга кириб қолган йигитларга “диний” сабоқлар ҳам бериб, уларга “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳидлик” хусусида маърузалар қилган.
Ўзбекистонни куфр давлат сифатида талқин қилиб, жиҳод эълон қилиб, давлатимиз ва бошқа давлатлар ҳудудида халифалик асосида шариат қонунлари асосида бошқариладиган “Исломий давлат”ни қуриш учун ҳокимиятни куч ишлатиш йўли билан босиб олишга, аёлларни ҳижоб кийдиришга мажбурлаш ғояларини тарғиб қилган.
Турли даъватли аудио ва видеоматериалларни уяли телефон аппаратига кўчириб, яшириш равишда юртимиз ҳудудига киритган ва тарқалишига эришган.
Аммо халқимизда “Бузоқнинг югургани сомонхонагача”, деган нақл бор. А.Маҳмудовнинг ҳам ноқонуний хатти-ҳаракатлари, қонундан қочиб юриши узоққа чўзилмади.
Суд ҳайъати, судланувчига жазо тури ва миқдорини белгилашда унинг содир этган жиноятларининг хусусияти, ижтимоий хавфлилик даражаси, жиноятларни содир этишдаги роли, унинг шахси, оилавий шароити, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи бошқа барча ҳолатларни инобатга олиб, қонун доирасида озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган эди.
Фуқаро А.Маҳмудов Ўзбекистон Республикаси жиноят Кодексининг 156-моддаси 3-қисмининг “д” банди, 159 модда 3-қисмининг “б” банди, 244-1-модда 3-қисми “а” банди ва 244-2- модда 1-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган ва 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Халқимиз бағри кенг, кечиримли эл. Ҳар инсонга яна имконият бериш тарафдори. Қонунларимиз ҳам айни йўналишда тузилган, эзгу мақсадларимизни ифода этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев энг азиз умуммиллий байрамимиз – Ватанимиз мустақиллиги эълон қилинганининг 29 йиллигини нишонлаш арафасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган гуманистик сиёсатнинг амалий тасдиғи сифатида “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган 113 нафар фуқаро афв этилган эди.
Улар орасида А.Маҳмудов ҳам бор. Унинг жамиятга мослашиши, ўз ўрнини топиши, ёлғизланиб, руҳий тушкунликка тушмаслиги учун барча чоралар кўрилди. Жумладан, фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги “Муқаддас-2018” фермер хўжалигида иш билан банд этилди. Шу билан бирга, унинг қизиқишлари инобатга олиниб, туман “Агробанк” АТБдан 30 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олишига кўмаклашилди. Фарзандлари ҳам футбол ва математика тўгаракларига жалб этилди.