Йўл қоидаси – умр фойдаси
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан Бухоро туманидаги барча ҳайдовчилар томонидан содир этилган қоидабузарликлар маҳаллалар кесимида қизил, сариқ ва яшил тоифаларга ажратилган ҳолда таҳлил қилинмоқда.
Таҳлилларга кўра, туманда жами 36 та маҳалла фуқаролар йиғинлари мавжуд бўлиб, шундан 2 таси қизил, 4 таси сариқ ва 30 та маҳалла яшил маҳалла ҳисобланади.

Бухоро туманидаги қизил маҳаллалар тоифасига кирувчи Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғинида мазкур ҳудудда яшовчи ҳайдовчилар томонидан содир этилган қоидабузарликлар шу маҳалланинг ўзида маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ва ҳайдовчилар билан биргаликда муҳокама этилди. Бугунги кунда Дўстлик маҳалласи ҳудудида 429 та автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилган бўлиб ҳайдовчилар томонидан биргина 2022 йилнинг 7 ойи давомида 278 маротаба қоидабузарлик аниқланган. Шулардан 7 таси транспорт воситасини маст ҳолда бошқарган ҳайдовчилардир. Ушбу ҳайдовчиларнинг содир қилган қоидабузарликлари кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиниб, олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

– Бу каби тадбирларни амалга оширишдан асосий мақсад, ҳайдовчиларни маҳаллада обрўсизлантириш эмас, балки бугунги кунда юртимизда, вилоятимизда йўл ҳаракати қоидаларини бузиб юрган автомашина ҳайдовчиларини бу йўлдан қайтариш, содир бўлиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олишдан иборатдир, – дейди вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати раҳбари Улуғбек Шукруллоев. – Тадбир давомида маҳаллада истиқомат қилувчи фуқароларга махсус видеоролик ҳам қўйиб берилди.
Инсон ҳар бир нарсани ўз кўзи билан кўрмагунча ёки уни ҳис қилмагунча танлаган йўлидан қайтмайди. Шу боис соҳа ходимлари тадбир давомида Ватанпарвар ташкилоти Бухоро тумани ўқув спорт техника клуби билан ўзаро ҳамкорликда тарғибот автокарвонини ҳам ташкил этди. Автокарвон туман маркази ва аҳоли гавжум жойларда ҳаракатланди, барчани ҳушёрликка ва сергакликка чорлади.
Зариф Комилов, ЎзА