Йўл қоидаси – умр фойдаси
Кейинги йилларда йўлларда транспорт воситаларининг кўпайганлиги, ўз навбатида автомобиль бошқарувида ҳайдовчилардан ўта ҳушёрликни талаб этмоқда.
Баъзида ҳайдовчиларнинг ҳушёрликни унутиб, йўл қоидаларига амал қилмаслиги йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлишига олиб келмоқда.
Наманган вилояти ҳудудида 2020 йилнинг ўтган 11 ойи давомида жами 622 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Аянчлиси, 152 киши автоҳалокат оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 160 кишини ташкил этган эди.
Наманган вилоят ИИБ ЙҲҲБ матбуот хизмати маълумотига кўра, вилоятда содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларига кўп ҳолларда техник носоз автомобилда узоқ йўлга отланиш, ҳаракат вақтида ухлаб қолиш, тезликни белгиланган меъёрдан ошириш, автомашиналарга керагидан ортиқ юк ортиш ҳамда йўлларда, хусусан, Қамчиқ довонида ҳаракатланиш қоидаларини етарли даражада билмаслик сабаб бўлмоқда.
[gallery-491]
Жорий йилнинг шу кунига қадар Қамчиқ довонининг ўзида 40 та автоҳалокат рўй берган. Уларнинг оқибатида 16 киши ҳаётдан кўз юмган, 36 киши жароҳатланган. Бу каби йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, зарур бўлган чоғда зудлик билан ёрдам бериш учун Қамчиқ довонида жами 15 та қутқарув пости ташкил этилган, уларнинг 10 таси Наманган вилояти ҳудудида жойлашган.
Шунингдек, вилоят ЙҲХБ ходимлари довонда қишнинг совуқ кунлари йўлга чиққан ҳайдовчиларга бироз тин олиб, қайноқ қаҳва ичишни таклиф этмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат), ЎзА