Йўл муаммоси: мурожаатлар кўп, ечимлар қандай?
Аҳолини қийнаётган йўл муаммолари бўйича Автомобиль йўллари қўмитасига минглаб мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг қанчаси ҳал этилди ва бу борада қандай амалий натижалар бор?
Миллий контент марказида Автомобиль йўллари қўмитаси масъуллари томонидан ташкил этилган брифингда соҳага тегишли маълумотлар тақдим этилди.
Қайд этилишича, Автомобиль йўллари қўмитасига январь-сентябрь ойларида жами 4 минг 404 та мурожаат келиб тушган, бу рақам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20 фоизга камайган. Мурожаатлар ёзма, электрон ва оғзаки равишда амалга оширилган. Мурожаатларнинг 4 минг 290 таси жисмоний шахслардан, 114 таси юридик шахслардан келиб тушган. 94,8 фоиз мурожаатлар қаноатлантирилган, бу кўрсаткич 2025 йилдагига нисбатан 23 фоизга ортган.
Мурожаатларни ҳудудлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, энг кўп мурожаатлар Тошкент, Самарқанд, Сирдарё, Хоразм вилоятлари улушига тўғри келади.
Қўмитада мурожаатлар билан ишлаш тартиби жорий этилган бўлиб, аҳолига мурожаатлар йўллашда қулайликлар яратиш мақсадида қўмитанинг “1393” қисқа рақамли call-маркази, 71-207-67-68, -149-рақамли “ишонч телефони”, “Шаффоф йўл”, электрон платформаси, “gov.uz”, электрон тизимлари йўлга қўйилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ҳамда Халқ қабулхонаси орқали, веб-сайт, ишонч телефони, ташкилотлар томонидан edo.ijro.uz тизими орқали юборилган мурожаатлар қабул қилинади ва тўлиқ cabinetpm2.gov.uz тизимидан рўйхатдан ўтказилади ва ўрганиб чиқилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА