Йўл четларида манзарали дарахт кўчатлари экилмоқда
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Андижон вилоятида кўчат экиш, яшил ҳудудларни барпо этиш борасидаги ишлар қизғин давом этмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўчат экиш ишларида вилоятдаги ташкилот, корхона, таълим муассасалари, маҳаллалар, аҳоли вакиллари фаол иштирок этмоқда. Жорий йил баҳор мавсумида вилоят бўйича 9 миллион 578 минг туп мевали, манзарали дарахт, бута кўчатлари ҳамда қаламчалар экилиши кўзда тутилган.
[gallery-11174]
Кўчат экиш, чор-атрофни обод қилишдек хайрли жараёнда Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси таркибидаги "Андижонйўлкўкалам" унитар корхонаси жамоаси ҳам фаол қатнашмоқда. Шу кунларда корхона ходимлари томонидан вилоятдаги умумфойдаланадиган автомобиль йўллари четларига қарағай, павлония, арча сингари турли манзарали дарахт кўчатлари экилмоқда.
Баҳор мавсумида корхона томонидан 41 минг туп манзарали дарахт кўчатлари экилиши режалаштирилган бўлиб, айни кунга қадар 36 минг тупдан зиёд кўчат ўтказилди. Корхона ходимлари томонидан янги экилган кўчатларни суғориш, парваришлаш, шунингдек, йўл бўйларига аввал экилган мавжуд дарахтларга кимёвий ишлов бериш ишлари ҳам сифатли олиб борилмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З.УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА