“Ёғочли сардоба”да маърифий тадбир
Сирдарё вилояти Сардоба тумани Файзлиобод маҳалласида жойлашган тарихий “Ёғочли сардоба” ҳудудида 18 апрель — Халқаро ёдгорликлар ва тарихий жойларни асраш куни муносабати билан маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда китобсеварлар, ёшлар, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Бухоро хони Абдуллахон II даврида, 1580 йилда барпо этилган мазкур гидротехник иншоот бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Мирзачўл ҳудудида жойлашган “Ёғочли сардоба” ўзининг мураккаб меъморий ечими, сувни сақлаш ва тақсимлаш тизими билан аждодларимизнинг юксак муҳандислик тафаккуридан далолат беради. Шу жиҳатдан у нафақат тарихий ёдгорлик, балки ҳудуднинг туризм салоҳиятини оширишда муҳим омил сифатида ҳам хизмат қилмоқда.

“Тарих – келажак кўзгуси” шиори остида ўтган мазкур тадбир Сирдарё вилоятида ўтказилаётган VI “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгаши ҳамда Алишер Навоий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирни маҳалланинг фахрий нуронийси Мавлон Эшонқулов очиб берди. У ўз сўзида тарихий меросни асраб-авайлаш, уни келажак авлодга етказиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи эканини таъкидлади. Шундан сўнг маҳалла раиси Пардабой Жўраев ва соҳа мутахассислари томонидан сардобаларнинг Буюк ипак йўли давридаги аҳамияти, уларнинг савдо карвонлари учун ҳаётий сув манбаи бўлгани ҳақида маълумотлар берилди. Айниқса, чўл ҳудудларида сувни тежаш ва самарали тақсимлашга қаратилган муҳандислик ечимлари бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолаётгани қайд этилди.

– Биламизки, Сирдарё вилоятида Бухоро, Хива, Самарқанд ва Қашқадарёдагидек бой тарихий меросга эга, ўтмиш билан бугунни боғловчи жойлар, қадимий обидалар кўп эмас. Ховосдаги Ховос тепалиги, Сардобадаги “Ёғочли сардоба”ни айтмаганда, мавжудлари ҳам саноқли, – дейди маҳалла раиси Пардабой Жўраев. – Ҳудудимизда жойлашган сардоба ҳам ноёб ва биз учун бетакрор иншоотдир. Унинг гумбазсимон тузилиши, ердан икки метр баландликда жойлашган туйнуклари, салқинликни сақловчи вентиляция тизими, симметрик қурилиши ҳамда девор қалинлигининг юқорига кўтарилган сари юпқалашиб бориши – буларнинг барчаси сардобанинг ўзига хос меъморий ечимидан далолат беради.
Сўнгги вақтларда “Ёғочли сардоба”га қизиқувчилар сони бирмунча ортган. Ҳатто хорижлик сайёҳларнинг ҳам ташриф буюраётгани ушбу иншоотнинг бетакрорлигини янада яққол намоён этмоқда.
– Китобхонлик ҳафталиги доирасида ташкил этилган маданий-маърифий тадбир давомида нафақат мутахассислар, балки биз кекса авлод вакиллари ҳам ёшларга оталаримиз ва боболаримиздан эшитганларимиз, билганларимизни ҳикоя қилиб бердик, – дейди Пардабой Жўраев.
Тадбир давомида маданий дастур ҳам ташкил этилди. Жумладан, “Турон” театр жамоаси ва Сардоба туман ахборот-кутубхона маркази ходимлари томонидан тарихий саҳна кўринишлари намойиш этилди. Ушбу чиқишлар орқали тадбир иштирокчилари бевосита тарих саҳифаларига саёҳат қилгандек бўлдилар.

Айниқса, кеча давомида 9-сонли мусиқа мактабининг “Дуторчи қизлар” ансамбли ҳамда шу ҳудудда истиқомат қилувчи қирғиз миллий маданий марказининг фольклор ансамбли томонидан ижро этилган “Оскон Жерим” (“ўсган юртим”) номли қирғиз халқ қўшиғи тадбирга алоҳида руҳ бағишлади. Миллий либосларда намойиш этилган рақс чиқишлари эса йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.
Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистон Экологик партияси Сирдарё вилоят кенгаши ташаббуси билан “Табиатга тўрт совға” шиори остида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилди. Унга кўра, “Сардоба сув гумбази” атрофида кўчат экиш акцияси ўтказилиб, ҳудудни кўкаламзорлаштириш ва табиатга меҳр-муҳаббат туйғусини кучайтиришга қаратилган амалий ишлар бажарилди.
– “Китобхонлик ҳафталиги” шунчаки тадбир эмас, балки жамиятда китобга бўлган эҳтиромни юксалтириш, ёшлар қалбида мутолаага қизиқиш уйғотиш, уларни маънавий етук шахс этиб тарбиялашга қаратилган муҳим маърифий ҳаракатдир, – дейди вилоят ахборот-кутубхона маркази ходими Зокир Холдоров. – Ҳафталик доирасида сардобада ўтказилган тадбир эса тарих ва маърифат уйғунлигини ўзида мужассам этгани, ёшлар қалбида миллий меросга ҳурмат ва китобга меҳр туйғусини янада мустаҳкамлашга хизмат қилгани билан алоҳида аҳамият касб этди.
Ғулом Примов, ЎзА