Ёғочли сардоба: тарих ва туризм уйғунлашган маскан
Сирдарё вилоятида тарихий-маданий мерос объектларини асраб-авайлаш ва уларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда. Сардоба туманидаги XVI асрга оид «Ёғочли сардоба» ёдгорлиги ҳам ана шундай ноёб масканлардан бири сифатида янги сайёҳлик йўналишларидан ўрин олиши мумкин.
Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Покиза Аҳмеджонова ҳамда вилоят ҳокими ўринбосари Дилобар Каттабековалар Сардоба туманида бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳалар билан танишишди.
Ўрганишлар давомида «Ёғочли сардоба» ёдгорлиги, шунингдек, Отаюрт маҳалласидан ўтувчи М39 автомобиль йўли бўйида сайёҳлар ва йўловчиларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган объектларнинг қурилиш жараёни кўздан кечирилди.

Тарихий маълумотларга кўра, «Ёғочли сардоба» Бухоро хони Абдуллахон II даврида, 1580 йилда қурилган. Бир неча асрлик тарихга эга мазкур иншоот ўша даврда Мирзачўл ҳудудидан ўтувчи карвонлар ва йўловчилар учун муҳим сув манбаи вазифасини бажарган.
Сардобанинг қиммати унинг тарихий аҳамияти билангина чекланмайди. Гумбазсимон шаклдаги иншоотнинг ички диаметри 15 метр, баландлиги 12 метрни ташкил этади. Ер сатҳидан икки метр баландликда жойлашган туйнуклар, ҳаво айланишини таъминловчи вентиляция тизими, симметрик меъморий ечим ва юқорига кўтарилган сари юпқалашиб борувчи деворлар ўша давр бунёдкорларининг муҳандислик салоҳиятидан далолат беради.

— «Ёғочли сардоба» нафақат тарихий ёдгорлик, балки ўз даври муҳандислик тафаккурининг ўзига хос намунасидир. Унда сув иншоотларини барпо этишда қўлланилган ўзига хос меъморий ечимларни кўриш мумкин. Сардобанинг ички тузилиши ва ҳаво алмашинувини таъминлаш тизими ҳам унинг функционал жиҳатдан пухта лойиҳалаштирилганидан далолат беради, — дейди Сирдарё вилояти ҳокимининг маслаҳатчиси Ғайбулла Юсупов.
Сардобага арксимон кириш қисми орқали ғиштдан ишланган зинапоялардан тушилади. Кириш йўлаги устидан хизматчилар учун мўлжалланган хоналарга олиб чиқувчи айланма зинапоя ҳам барпо этилган. Бу каби меъморий ечимлар ёдгорликни миллий меъморчилик ва қадимий сув иншоотлари тарихини ўрганиш учун муҳим манбага айлантиради.

Бугун мазкур тарихий обидани асраб-авайлаш билан бирга, унинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланишга ҳам эътибор қаратилмоқда. «Ёғочли сардоба»ни таъмирлаш, атрофини ободонлаштириш, сайёҳлар учун зарур шароитлар яратиш ва объектни туристик маршрутларга киритиш бўйича режалар белгиланган.
Шунингдек, сардоба атрофида дам олиш ва хизмат кўрсатиш масканларини ташкил этиш, маҳаллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорлар, айниқса, ёшларни жалб этиш орқали янги хизмат турларини йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.

Айниқса, «Тошкент — Самарқанд — Бухоро» йўналиши бўйлаб ҳаракатланувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун «Ёғочли сардоба»ни замонавий инфратузилмага эга туристик масканга айлантириш Сардоба туманининг сайёҳлик жозибадорлигини оширишга хизмат қилиши мумкин.
— Ўрганишлар давомида аҳоли ва ташриф буюрувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, замонавий хизмат кўрсатиш инфратузилмасини шакллантириш, тарихий объектнинг ўзига хос қиёфасини сақлаб қолиш ҳамда ҳудуднинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, — дейди Ғайбулла Юсупов.

Масъулларга лойиҳаларни белгиланган талаблар асосида сифатли ва ўз вақтида якунлаш, ҳудудни ободонлаштириш, тарихий объектнинг меъморий қиёфасини асраб қолиш ҳамда сайёҳлар учун зарур инфратузилмани шакллантириш юзасидан тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири