“Йилнинг энг намунавий маҳалла ёшлар етакчиси” аниқланди
Қашқадарё вилоятида ёшлар билан ишлаш тизими йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Маҳаллаларда амалга оширилаётган тарғибот ишлари, янги лойиҳалар ва самарали ташаббуслар бугун ўз натижасини бермоқда. Ёшлар етакчилари – маҳалладаги ёшларнинг қўллаб-қувватловчиси, ташаббускори ва йўлбошчисига айланмоқда. Уларнинг билим ва маҳоратли бўлиши маҳалланинг, қолаверса, бутун жамиятнинг тараққиётига бевосита таъсир қилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 ноябрдаги тегишли қарори ижроси доирасида Қашқадарё вилояти Ёшлар марказида “Йилнинг энг намунавий маҳалла ёшлар етакчиси” танловининг вилоят босқичи юқори савияда бўлиб ўтди.
Ёшлар етакчиларининг қалби ва онгида ватанга ҳамда халққа садоқат билан хизмат қилиш туйғусини янада мустаҳкамлаш, уларда ташаббускорлик, етакчилик қобилияти ва касбий компетенцияларни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган танловда туман ва шаҳар босқичларида ўз ташаббуслари, фаоллиги ҳамда натижалари билан ажралиб турган ёшлар етакчилари ўзаро беллашди.
[gallery-26692]
Танлов ёшлар баланси, ёшлар дафтари, алоҳида эътиборга муҳтож ёшлар билан ишлаш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзи ва спорт, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ҳамда ватанпарварлик тарғиботи, иқтидорли ёшлар билан ишлаш, ташқи меҳнат миграциясидан қайтган ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорликка йўналтириш, тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш каби 10 йўналиш бўйича ташкил этилди.
Ҳар бир йўналишда энг муносиб уч нафардан иштирокчи сараланди. 1-ўринни қўлга киритган 10 нафар ёшлар етакчиси эса танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқосбилов (сурат), ЎзА мухбирлари