«Йилнинг энг фаол махсус педагоги» танловининг пойтахт босқичи ўтказилди
Пойтахтимизда «Йилнинг энг фаол махсус педагоги» кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур маърифий танловнинг аҳамиятли жиҳати — инклюзив таълим тизимини ривожлантириш, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар билан ишлаётган соҳа мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштиришдан иборат.
Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан илк бор ўтказилаётган ушбу танловнинг энг муҳим жиҳатлари имконияти чекланган ва алоҳида эътиборга муҳтож болаларни жамиятга мослаштиришда замонавий ва самарали методикаларни таълим жараёнига татбиқ этиш, махсус педагогларнинг касбий салоҳияти, ижодий ёндашуви ҳамда болалар билан ишлашдаги амалий кўникмаларини намоён этиш ва рағбатлантиришдан иборат экани билан аҳамиятлидир.
[gallery-29660]
Шунингдек, танлов мутахассислар томонидан қўлланилаётган энг яхши коррекцион-ривожлантирувчи машғулотлар ва янги педагогик усулларни республика миқёсида оммалаштириш, инклюзив таълим соҳасида меҳнат қилаётган фидоий устозларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш орқали касб нуфузини ошириш имконини бериши билан аҳамиятлидир.
Танлов давомида иштирокчилар ўзларининг коррекцион машғулотларни ўтказиш маҳорати, замонавий таълим ёндашувлари ва соҳага оид назарий билимлари бўйича ўзаро беллашди.
«Йилнинг энг фаол махсус педагоги» кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи якунига кўра, биринчи ўрин Сергели туманидаги 55-мактабнинг махсус педагоги Ўрингул Ҳабибуллаевага берилди. Иккинчи ўрин Юнусобод туманидаги 70-мактабнинг махсус педагоги Дилором Абдулазизовага насиб этди. Учинчи ўринга Чилонзор туманидаги 188-мактабнинг махсус педагоги Ҳаётхон Собирова муносиб топилди.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (суратлар),
ЎзА мухбирлари