Йил сарҳисоби: амалиёт ва самара
Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан 2021 йил 3 триллион 585 миллиард сўмдан ортиқ ижро ҳужжатининг ижроси таъминланган. Бу ҳақида МИБ вилоят бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ахборот хизмати ҳамкорлигида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Тадбирда таъкидландики, ўтган йили давлат ижрочилари иш юритувида бўлган 4 триллион 394 миллиард 863 миллион сўмлик 266 минг 570 та ижро ҳужжати юзасидан мажбурий ижро ҳаракатларини олиб борган. Уларнинг 3 триллион 585 миллиард 882 миллион сўмлик 193 минг 88 та ижро ҳужжатлари тамомланган. 2020 йилга нисбатан ундирув миқдори 609 миллиард 963,1 миллион сўмга ошган.

– Ижро ҳужжатлари бўйича асосий эътибор давлат фойдасига ундирувларга қаратилиб, 83 минг 408 та бу турдаги ижро ҳужжати бўйича 577 миллиард 111 миллион сўм ундирилди, – деди МИБ вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азамат Холмуродов. – Жумладан, жиноят оқибатида давлатга етказилган зарарни ундиришга оид 37 та ижро ҳужжати бўйича 1 миллиард 445 миллион сўм, солиқ қарздорлигини ундиришга доир 18 минг 323 та ижро ҳужжати бўйича 498 миллиард 129,3 миллион сўм, жиноий жарималарни ундиришга доир 186 та ижро ҳужжати бўйича 2 миллиард 227 миллион сўм ундирилди.

Шунингдек, 16 миллиард 103 миллион сўмлик маъмурий жарима, 26 миллиард 562,5 миллион сўмлик давлат божи ундирилишига эришилди. «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» махсус жамғармаларига улуш ажратилиши белгиланган жиноят натижасида етказилган зарар, жиноий ва маъмурий жарималар, давлат божи Вазирлар Маҳкамасининг 200-қарори таъсирига тушувчи ундирувлар билан боғлиқ 156 миллиард 126 миллион сўмлик ижро ҳужжатлари ижроси таъминланиб, махсус дафтарлар жамғармаларига 24 миллиард 884,5 миллион сўм йўналтирилди.

Давлат ижрочилари алимент ва унга тенглаштирилган тўловлар ундируви билан боғлиқ 27 минг 592 та ижро ҳужжати бўйича мажбурий ижро ҳаракатларини олиб бориб, 5 минг 395 та ҳужжатни тугатди. Уларнинг янги йилга қолдиқ бўлиб ўтган 22 минг 197 таси бўйича ижро ҳаракатлари давом этмоқда.
Алимент ундирувига доир ижро ҳужжатлари ижросига янгича ёндашув асосида ўтган йили 806 миллион сўм алимент пуллари ундирувчилар номига очилган банк пластик карталарига тўлаб берилди. Бунда алимент пуллари, шу жумладан қарздорнинг иш ҳақидан ушлаб қолинган алимент маблағи мазкур алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисоб варағи орқали тегишли банк картасига ўтказилди. Бу тизим давлат ижросига алимент мажбуриятлари қай даражада бажарилаётганини мобил илова орқали мониторинг қилиб бориш имкониятини яратди. Йил давомида вилоятда 16 минг 496 нафар қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан четга чиқиш ҳуқуқи вақтинча чекланиб, қарздорликларини бартараф этган 7 минг 216 шахсга нисбатан қўлланилган чеклов чоралари бекор қилинган.

Алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаганлик учун вилоятда 118 нафар алимент тўловчининг четга чиқиш ҳуқуқи тиклаб берилган. Алимент тўлашдан бош тортган 40 нафар қарздор жиноий жавобгарликка тортилган. Алиментни узоқ муддат тўламаган 458 қарздор Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилган.
– Якунланган йилда вилоят прокуратураси органлари суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш ҳамда қамоққа олинганларни сақлашда қонунларга риоя этилиши устидан назорат йўналишида ҳам муайян ишлар амалга оширилди, – деди вилоят прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Алишер Бобомуродов. – 156 та текшириш ва назорат тадбирлари олиб борилиб, натижа бўйича протестлар асосида 414 та қонунга зид ҳужжатлар бекор қилинди ёки қонунларга мувофиқлаштирилди. 128 та тақдимнома киритилди. 43 нафар шахснинг маъмурий ва интизомий жавобгарлик масаласи ҳал этилди. Қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 6 та жиноят иши қўзғатилиб, 414 шахснинг бузилган ҳуқуқи тикланди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг 616 мурожаати ҳал этилиб, 369 таси қаноатлантирилди.

Матбуот анжумани иштирокчилари, шунингдек, “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси орқали ўтказилган онлайн аукционлар якунлари, қидирувда бўлган қарздорларни топиб, мавжуд қарзларни ундириш, мурожаатлар билан ишлаш юзасидан амалга оширилган чора-тадбирлар, соҳа ходимлари ўртасида олиб борилган хизмат текширувлари натижалари тўғрисида ҳам аниқ маълумотларга эга бўлди.
Журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб берилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири