Ёшлар ташаббуси қўллаб-қувватланади
Тошкент давлат аграр университети Андижон филиалида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Тошкент давлат аграр университети Андижон филиалида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ёшларнинг янада фаол бўлиши лозимлигига эътибор қаратиб, ўқиб-изланиш, ташаббус кўрсатишга чорлади. Уларнинг ташаббуси, албатта, қўллаб-қувватланишини билдирди.
Дастлаб вилоят ҳокими ёш олимлар ва талабаларнинг инновацион ғоя, ташаббус ва технологиялари кўргазмаси билан танишди. Қишлоқ хўжалиги йўналишидаги ана шу технологияларни амалиётга татбиқ этиш, уларнинг иқтисодий самарадорлиги ва афзалликлари ҳақида ёшлар билан суҳбатлашди.
– Вилоятимиз раҳбари мевали боғлардаги кўчатларни тупроқ остидан суғориш ва озиқлантириш йўналишидаги инновацион лойиҳам билан танишди, – дейди Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали талабаси Моҳинур Акрамова. – Олиб бораётган тадқиқотимда мевали боғлардаги кўчатларни озиқлантириш учун минерал ўғитлар сувда эритилиб, ер остига кўмиладиган махсус шланглар ёрдамида озиқлантирилиши ҳисобига сувни 50-60 фоизга, йиллик сарфланадиган минерал ўғитларни 30-40 фоизгача иқтисод қилиш, иш сарфини камайтириш, энг асосийси, ҳосилдорликни 25 фоизгача ошириш мумкин бўлади. Вилоят ҳокими ушбу лойиҳа борасидаги тадқиқот ишларимни давом эттиришим ва, албатта, ижобий самарага эришишим лозимлиги, бунинг учун қандай ёрдам зарур бўлса, кўрсатилишини билдирди. Ҳокимимизнинг бу эътибори нафақат мени, балки барча ёшларни янада фаол бўлишга ундади.
Шундан сўнг талабалар билан бўлган мулоқотда кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имконият яратилаётгани, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан олий ўқув юртлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, илмий салоҳиятини юксалтириш, таълим сифатини халқаро андозалар даражасига кўтариш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашувда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, бу борада ёшлар иштироки ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, талаба-ёшларнинг муаммо ва камчиликларини бартараф этиш, айниқса, битирувчи талабаларнинг ишга жойлашиши масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Вилоят ҳокими талабаларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб берди.
