Ёшлар муаммолари доимий эътиборда
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худайбергенов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи ёшлар фаолияти ва қизиқишлари билан танишиш, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманига ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худайбергенов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи ёшлар фаолияти ва қизиқишлари билан танишиш, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманига ташриф буюрди.
Мазкур ишчи гуруҳ таркибида Президент маслаҳатчиси ўринбосари А.Усманов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев, вазирлик ва идоралар вакиллари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси ва туман кенгашлари фаол ёшлари иштирок этди.
Ишчи гуруҳ дастлаб туманнинг “Қилчиноқ” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “CHAMANTEX” масъулияти чекланган жамиятига қарашли тикувчилик цехи фаолияти билан танишди. 2019 йил октябрь ойида иш бошлаган цехда 120 та хотин-қиз ишламоқда. Ташриф буюрган ёшлар тикувчи қизлар билан тажриба алмашди.

Тумандаги “Сарабий” овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Раманберди Жабборовлар хонадонида ташкил этилган ҳунармандчилик, кигиз, ўзбек ва туркман миллатларига мансуб миллий либослар кўргазмаси ёшларда катта таассурот қолдирди.
Ёш тадбиркор Охунжон Явкачев “Ёшлар келажагимиз” давлат дастури асосида тадбиркорлик фаолиятини бошлаган эди. Бугунги кунга келиб у ташкил этган “Сарабий текс” тикувчилик ва пайпоқ ишлаб чиқариш цехида 30 нафар ёш иш билан таъминланди. Цех фаолиятини яқиндан кузатган фидойи ёшлар гуруҳи ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Шунингдек, ушбу цех ёнида жойлашган Сарабий инновацион авто мактаби ҳам ёшларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Мазкур мактабда 25 та иш ўрни яратилиб, замонавий авто ўқув жиҳозлари билан таъминланган. Муассасада икки сменада 150 нафар ўқувчига дарс ўтиш имконияти мавжуд.

Навбатдаги манзил “Амиробод” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги гидропоника технологияси асосида 4 гектар майдонда барпо қилинган “Агро эксим голд” МЧЖга қарашли иссиқхона бўлди. Лойиҳа қиймати йилига 750 тонна сабзавот маҳсулотини етиштириш қувватига эга иссиқхонада мавсумий 80 нафар, доимий 50 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган. Фаол ёшларга иссиқхонада помидор, бодринг каби сабзавот маҳсулотларини етиштириш технологияси ва жараёнлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Маълумки, Элликқалъа ўз номига монанд қадимий қалъалар масканидир. Туманга ташриф буюрган ёшлар тадбиркорлик субъектлари билан бирга, кўҳна тарихий қалъалардан бири “Аёз қалъа” туристик объектига саёҳат қилди.
Шунингдек, вазирлик ва идоралар вакиллари ўз соҳалари бўйича туман ёшлари ҳолидан хабар олиб, уларни қийнаётган масалаларни ўрганиб, тегишли чоралар кўрилди.
Кун давомида ташкил этилган тадбирлар якуни туман санъат саройида давом этди. Учрашувда ёшлар билан очиқ мулоқот бўлди. Уларнинг таклиф ва мурожаатлари тингланди ва шу жойнинг ўзида ҳал қилиш юзасидан мутасадди раҳбарларга топшириқлар берилди.
Бундай учрашувлар Оролбўйининг бошқа туманларида ҳам бўлиб ўтди.