Ёшлар бандлиги – устувор масала
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси томонидан «Ёшларни иш билан таъминлашнинг долзарб масалалари» мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси томонидан «Ёшларни иш билан таъминлашнинг долзарб масалалари» мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.Унда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, шаҳар ҳокимлиги, прокуратураси, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳудудий кенгаши мутахассислари, ёшлар иштирок этди.
Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, ёшлар бандлигини таъминлаш, хотин-қизларни фойдали меҳнатга жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ёшларни лаёқати ва мутахассислигига мос иш билан таъминлаш, уларнинг меҳнат жамоаларига мослашувига кўмаклашиш, аҳоли ва корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамда тижорат банклари томонидан ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш ва уларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар, меҳнат ярмаркалари, бизнес ғоялар танловлари ва викториналар ёшларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Давра суҳбатида 2014 йилда истиқболли бизнес ғояларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида коллеж битирувчиларига 200 миллиард сўмлик имтиёзли микрокредитлар ажратилгани, бу 2013 йилга қараганда 1,4 баробар кўплиги таъкидланди.
– Жорий йилда пойтахтимиздаги касб-ҳунар коллежларини 25 мингдан зиёд йигит-қиз тамомлади, уларнинг 17 мингдан зиёди иш билан таъминланди, – дейди Тошкент шаҳар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси мутахассиси Ширинбек Тўйчибоев. – Қолган битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Бунда ёшларни касбга йўналтириш, корхона ва ташкилотлар, касбий қайта тайёрлаш, қўшимча таълим марказлари фаолияти, бўш иш ўринлари ҳақида хабардор этиш мақсадида мунтазам ташкил этилаётган ярмаркалар муҳим аҳамиятга эга.
Тадбирда ушбу йўналишдаги ишларни янада ривожлантириш, ёшларни иш билан таъминлаш борасидаги чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга доир қатор таклифлар билдирилди, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.