Ёшлар бандлиги – доимий эътиборда
Тошкент автомобиль-йўллар институтида битирувчи ёшлар учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Тошкент автомобиль-йўллар институтида битирувчи ёшлар учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Ҳ.Чиннибеков, Тошкент автомобиль-йўллар институти ректори М.Орифжонов, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари К.Содиқов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида таълим тизимида амалга оширилаётган узлуксиз ислоҳотлар жараёнида ёшларга жаҳон андозалари даражасида таълим бериш, улар ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишишини таъминлашга қаратилаётган доимий эътибор навқирон авлод салоҳиятини тўла намоён этишига хизмат қилаётганини таъкидлади.
Тошкент автомобиль-йўллар институтида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Ўқув даргоҳида битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш бўйича ишчи гуруҳи ташкил этилиб, бу борада доимий мониторинг юритилмоқда. Турли ташкилотлар, ишлаб чиқариш муассасалари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик натижасида битирувчиларнинг бандлиги таъминланмоқда.
Жорий йилда институтни ўн икки бакалавриат, ўн уч магистратура таълим йўналиши бўйича қарийб минг нафар талаба битиради. Уларни ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш мақсадида институтда ташкилот ва корхоналар билан ҳамкорликда учрашувлар, меҳнат ярмаркалари ташкил этилмоқда. Натижада ҳозирдан битирувчиларнинг иш жойларига дастлабки тақсимоти ўтказилди.
Мазкур меҳнат ярмаркаси вазирлик, идора ва ташкилотлар билан бу борадаги ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим роль ўйнайди. Тадбирда институт ва Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ўртасида битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан ҳужжат имзоланди.
Институтда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси йўналиши бўйича юз нафардан ортиқ ёш таълим олмоқда. Талабаларнинг амалиётини ташкил этишда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий тузилмалари базасидан самарали фойдаланилаётир.
– Меҳнат ярмаркасида ўз соҳамиз бўйича фаолият юритаётган корхона ва ташкилотларда яратилган шароитлар билан яқиндан танишдик, – дейди институт талабаси Афзалбек Солиҳов. – Замонавий технологиялар билан жиҳозланган ишлаб чиқариш корхоналарида ишлаш ҳар бир ёшнинг орзусидир. Институтда олган билимимиз, ёшлар бандлигини таъминлаш борасида йўлга қўйилган самарали тизим эзгу орзуларимиз рўёбига замин ҳозирламоқда. Бу имкониятдан фойдаланиб, кўплаб тенгдошларим қатори мен ҳам ўз мутахассислигим бўйича ишга жойлашиш учун шартнома имзоладим.