Ёш тадбиркорлар учун имконият
Термизда “Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлиги: ҳолати ва истиқболлари” I республика ёш тадбиркорлар бизнес-форумининг Сурхондарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Термизда “Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлиги: ҳолати ва истиқболлари” I республика ёш тадбиркорлар бизнес-форумининг Сурхондарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят иқтисодиёт бош бошқармаси ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшларни ушбу соҳага кенг жалб этишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан анъанавий ўтказилаётган “Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам” шиори остидаги ёш тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар кўргазмаси уларни муносиб қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. “Ёш тадбиркор – юртга мададкор”, “Менинг бизнес ғоям” каби танловлар ўғил-қизларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб этиш, ёшларнинг орзу-истакларини руёбга чиқаришда муҳим омил бўлаётир. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати қошида фаолият юритаётган “Ёш тадбиркор” консультатив маркази хусусий секторга қадам қўяётган ёшларга бизнес-режа тузишда амалий ёрдам кўрсатиб, уларнинг тижорат банкларидан кредит олишига яқиндан кўмаклашмоқда. Жорий йилда коллежни битирган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган ўғил-қизларга 12 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағлари ажратилгани бунинг ёрқин тасдиғидир.
– Мамлакатимизда илк марта ташкил этилаётган бизнес-форум ҳам ана шундай эзгу мақсадларга йўналтирилгани билан эътиборлидир, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Сурхондарё вилояти кенгаши раиси Анвар Раҳмонов. – Мазкур тадбир ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, қулай ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ҳамда ютуқларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Соҳада фаолият юритаётган давлат ва нодавлат ташкилотларини ижтимоий шериклик асосида бирлаштириш учун қулай имконият яратади.
Иштирокчилар солиқ, божхона ва хусусий корхонани рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ имтиёзлар, молия муассасаларидан кредит олиш тартиблари, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни экспорт қилиш ва бошқа масалаларни атрофлича таҳлил қилиб берди.
– Биз, ёшларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишимиз учун барча қулайлик яратилган, – дейди Қизириқ туманидаги “Мўътабар” оилавий корхонаси раҳбари Шуҳрат Хуррамов. – Оилавий корхона ташкил этганимизга энди бир йилдан ошди. Тижорат банкининг имтиёзли кредит маблағи эвазига тикувчилик-бичувчиликни йўлга қўйдик ва 12 хотин-қизни иш билан таъминладик. Ушбу тадбирда оилавий корхоналарга берилган имтиёзлар хусусида янада кўп маълумотга эга бўлдим.
Ижтимоий фаол, таҳлилий фикрлаш қобилияти ва мустаҳкам фуқаролик позициясига эга 10 нафар ёш тадбиркор сараланиб, бизнес-форумнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Фаол иштирок этган бир гуруҳ ёш тадбиркорлар “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгашининг махсус диплом ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.