Ёш офицерлар малака оширмоқда
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Сурхондарё академик лицейида ички ишлар органларининг сафдорлик ҳамда сержантлик лавозимидан офицерлик лавозимига тайинланган ходимлари учун махсус сайёр ўқув йиғини бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Сурхондарё академик лицейида ички ишлар органларининг сафдорлик ҳамда сержантлик лавозимидан офицерлик лавозимига тайинланган ходимлари учун махсус сайёр ўқув йиғини бошланди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда кейинги йилларда мамлакатимиз ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар соҳа ходимларини аҳолига янада яқинлаштириб, жойларда тинч ҳаёт ва фаровон турмушни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. “Жиноят ҳақиқати ва адолати”, “Қонун ва адолат – устувор, жиноятга жазо – муқаррар” деган тамойилларни қарор топтириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилиб, соҳа ходимларининг билим ва кўникмалари мустаҳкамланаётгани қайд этилди.
Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Малака ошириш институти томонидан ташкил этилган машғулотлар замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда интерфаол усулда ўтказилаётир. Ўқув жараёнида ички ишлар органлари фаолиятига оид сўнгги йилларда илгари сурилган муҳим вазифалар, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига, соҳада янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари билан таништиришга алоҳида аҳамият берилмоқда.

– Офицерлик лавозимига тайинланган ходимлар ўқув йиғини давомида олган билим ва кўникмалари асосида хизмат вазифаларини олиб боради, – дейди Малака ошириш институти жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш кафедраси катта ўқитувчиси, подполковник У.Суннатов. – Бунинг учун таълим муассасамизнинг энг тажрибали профессор-ўқитувчилари жалб этилди. Барча шароитларга эга ўқув хоналарида амалий ва назарий билимларни таълимнинг замонавий интерфаол усулларидан самарали фойдаланиб олиб борамиз. Машғулотлар якунида тингловчилар тест синовларидан ўтиб, тегишли ҳужжатга эга бўлади.
Ўқув машғулотларининг илк куни Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳияти хусусидаги дарслар билан бошланди.
– Офицерлик шарафли лавозим бўлиш баробарида зиммамизга катта масъулият ҳам юклайди, – дейди вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси катта инспектори, лейтенант Г.Ёрматова. – Ушбу ўқув йиғини бизнинг билим ва касб маҳоратимизни янада ошириб, ўз вазифамизни сифатли бажаришда муҳим ўрин тутади. Шу боис ўқув жараёнида фаол иштирок этиб, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, янгиликлар ва фойдали тажрибалар билан яқиндан танишишни, олган билимларимизни фаолиятимизда кенг қўллашни мақсад қилганмиз.

Беш кунга мўлжалланган машғулотлар чоғида ёш офицерлар ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг турлари ва амалга ошириш тартиби, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш ва бошқа қатор долзарб мавзулар бўйича сабоқ олади. Соҳага оид илғор тажрибалар билан яқиндан танишади.
Шунингдек, Малака ошириш институти вакиллари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Сурхондарё академик лицейи ўқувчилари учун Давлат мадҳиямиз қабул қилинган санага бағишлаб давра суҳбати, “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзуида учрашув ташкил этди. Тадбирда фаол иштирок этган ўқувчилар муносиб рағбатлантирилиб, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий ва бадиий китоблар туҳфа қилинди.
Махсус сайёр ўқув йиғини доирасида профессор-ўқитувчилар ҳудудий ички ишлар органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман ва шаҳар кенгашлари, таълим муассасалари ҳамкорлигида маҳаллаларда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзуида кенг кўламли тарғибот ишларини амалга ошириб, фаол ўғил-қизларга китоблар совға қилади. Шунингдек, маҳаллаларда истиқомат қилаётган кам таъминланган ва ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олиб, уларга моддий ва маънавий кўмак беради.