Ёнғинга қарши замонавий қурилмалар
Маҳаллийлаштириш – маҳаллий хомашё ва ишлаб чиқариш захираларидан кенг фойдаланиш асосида замонавий рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш таъминланади.
Маҳаллийлаштириш – маҳаллий хомашё ва ишлаб чиқариш захираларидан кенг фойдаланиш асосида замонавий рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш таъминланади.Президентимиз раҳнамолигида тайёр маҳсулот, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада маҳаллийлаштириш лойиҳаларини татбиқ этаётган корхоналар сони ортиб, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остида рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш кенгаймоқда.
Буни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги “MARS Electronics” масъулияти чекланган жамияти фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Корхона ёнғинга қарши ҳамда электрон қўриқлаш қурилмалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Бу маҳсулотлар илгари хориждан келтирилар, корхона уларни рўйхатдан ўтказиш, монтаж қилиш ва ўрнатиш билан шуғулланар эди. 2013-2016 йилларда Қашқадарё вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастурига мувофиқ, мазкур қурилмаларнинг асосий қисми “MARS Electronics” корхонасида ишлаб чиқарила бошланди. Натижада маҳсулот таннархи арзонлашиб, янги иш ўринлари яратилди. Корхонада йигирма беш ишчи меҳнат қилмоқда.
Бугунги кунда бу ерда ишлаб чиқарилаётган ёнғинга қарши ҳамда электрон қўриқлаш қурилмаларидан қурилиш соҳасида кенг фойдаланилмоқда.
– Мазкур мосламаларни замонавий ахборот узатиш технологияларига тўғридан-тўғри улаш мумкин, – дейди корхонанинг масъул ходими Азиз Рустамов. – Шу билан бирга, қурилмалар ёрдамида юзлаб километр масофадан туриб муайян объект ҳақида тўлиқ маълумот олиш имкони мавжуд. Жуда юқори даражадаги сезиш қобилиятига эга бундай технологиялар қўриқланаётган хонадон ёки муассасадаги намлик миқдори, ҳарорат, тутун ва бошқа белгилар ҳақида ҳам алоҳида ахборот бериб боради.
Корхона филиаллари Сурхондарё вилояти ва Тошкент шаҳрида ҳам самарали фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида улар томонидан корхона ва ташкилотларга ҳамда аҳолига 4 миллиард 300 миллион сўмликдан ортиқ маҳсулот етказиб берилди ва хизматлар кўрсатилди.
Айни пайтда корхонада мазкур қурилмаларни дастурлаш ишлари давом эттирилмоқда. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, дастурий таъминотнинг маҳаллийлаштирилиши натижасида яна 50 янги иш ўрни яратилади. Жорий йилда назорат-касса машиналари ва таксометрлар ишлаб чиқариш ҳам ўзлаштирилади.