Ёлғон хабарчи келаяпти, қоч!
Сурхондарё вилояти ИИБ Бойсун туманидан ижтимоий тармоқларга чиқарилган видеохабарга муносабат билдирди.
Сурхондарё вилояти ИИБ Бойсун туманидан ижтимоий тармоқларга чиқарилган видеохабарга муносабат билдирди.
Ёлғон хабар кўнгилни ўқдек тешади. Умр давомида мисқоллаб йиғилган обрўга путур етказиб, дилни вайрон қилади. Бироқ, айрим кимсаларнинг ўз манфаатини ўйлаб, жамиятда юз бераётган баъзи ҳолатларни видеотасвирга олган ҳолда нотўғри талқин қилаётгани ва ижтимоий тармоққа жойлаштириб, кўпчиликни чалғитишга уринаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Бундай кимсаларнинг юртимизда яратилаётган шароитларга ношукурлик қилишга уринаётганини-чи?
Бу мавзуда гап очишимизга Бойсун тумани Тузбозор маҳалласидаги эски деҳқон бозорида бир неча йиллардан буён савдо-сотиқ қилиб келаётган бир гуруҳ шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари сабаб бўлди. Улар томонидан нотўғри талқин этилиб, ижтимоий тармоққа тарқатилган видеохабар давлат идоралари ходимларини обрўсизлантирибгина қолмай, уни кўрганлар онгида нотўғри фикр ҳам ўйғотди.
Айтинг, дунёда инсоният жиддий синовларни бошдан ўтказаётган ҳозирги синовли кунларда, тағин ҳам муқаддас Рамазон ойида ёлғон хабар урчитган бу шахсларнинг ҳаракатини қандай изоҳлаш мумкин? Аслида ўша эски деҳқон бозорига кираверишдаги чорраҳага булдозер нега олиб келинган ва бундан мақсад нима эди?
Келинг, дастлаб шу ҳақда сўз юритайлик. Жорий йилнинг 12 май куни соат тахминан 14:30 лар атрофида “Ўзбектелеком” АК вилоят филилали Бойсун телекомуникация боғланмаси томонидан А. Навоий номли ва “Истиқлол” кўчалари бўйлаб халқаро оптик толали кабел ётқизиш учун шу ерга бульдозер олиб келинади. Шу мақсадда эски бозорга кираверишдаги чорраҳада турган булдозер киритилганида бозорда савдо-сотиқ қилиб келаётган бир гуруҳ шахслар ўзларига етарли шароит яратиб олгани боис булдозернинг ишлашини нотўғри қабул қилиб, жараённи видеотасвирга олади. Шовқин кўтариб, одамлар ўртасида норозилик кайфиятини ўйғотишга уринади.
Туман ички ишлар бўлими ходимлари мазкур ҳолатни тинчитишга ҳаракат қилган вақтда ИИБ ходимларининг олиб бораётган тушунтиришларидан тўғри хулоса чиқармасдан, уларнинг гап-сўзларини тингламасдан хизмат фолиятини олиб боришига қаршилик кўрсатиб, халқ орасида ички ишлар идоралари ходимларини обрўсизлантиришга ҳаракат қилади. Бу ерда тўпланган одамларга ўзларининг ноўрин фикрларини айтиб, уларни ҳам чалғитишга интилади. Карантин даврида ҳаракат камлигидан фойдаланиб, ўз ишларини тез, сифатли бажаришга киришган алоқачилар ҳаракатини нотўғри талқин этиб, ижтимоий тармоқларга, сайтларга жойлаштиради.
Натижада ушбу ҳолат юзасидан Бойсун тумани ИИБ ХПБ профилактика инспектори томонидан Ўз.Рес МЖтКнинг 183-моддасига асосан тегишли баённома расмийлаштирилиб, уни қонуний тартибда кўриб чиқиб, жазо қўллаш учун маъмурий ишлар бўйича Бойсун тумани судига тақдим этилади. Шу йилнинг 15 май куни бўлиб ўтган суд мажлиси қарорига асосан фуқаро Б.Нга беш сутка, С. В, А. О, Ф.М, Ш.Қ, М. Қ, С. М, Ф. С ларнинг ҳар бирига 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Фуқаро Х. Б га энг кам ойлик иш ҳақининг уч баробари миқдорида жарима жазоси қўлланилди.
Бу қилмишларидан улар энди қанчалик пушаймон бўлмасин фойдаси йўқ. Доно халқимиз “сўнгги пушаймон – ўзингга душман”, дея бежиз айтмайди. Ҳар қалай бир гапни айтишдан олдин етти ўлчаб, ҳақиқатни сўзлаган инсоннинг юзи шувут бўлмайди. Инчунун, ана шундай ўз манфаатларини жамият манфаатидан устун қўядиган шахсларнинг бир ёқлама хабарларини суриштирмай эълон қилаётган интернет сайтлар жамоаси ҳам.