Яхшиликни шиор билганлар
"Нуроний" жамғармаси миллий матбуотимиз, мамлакатимизнинг маданий-маърифий, ижтимоий ҳаёти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли журналистлар хотирасини эъзозлаш, уларнинг ижодий меросини кенг тарғиб этиш бўйича тизимли ишларни олиб бормоқда.
Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Баркамол авлод" болалар маркази қошидаги Қорасарой маҳалла кутубхонасида устоз журналист, жамоат арбоби, моҳир адиб, "Тошкент оқшоми" ва "Вечерний Ташкент" газетаси бош муҳаррири Саъдулла Кароматов таваллудининг 95 йиллигига бағишлаб адабий-маърифий тадбир ўтказилди.

"Нуроний" жамғармаси бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайлуллаев, журналист Солиҳ Ёқубов, Фанлар академияси асосий кутубхонаси директори Зуҳра Бердиева, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Вазира Собирова ва бошқалар Саъдулла Кароматовнинг ҳаёти ва ижод йўли хусусида батафсил сўз юритдилар.
Моҳир журналист, адиб ва таржимон Саъдулла Кароматов жамоат арбоби сифатида ҳам элга танилган эди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Саъдулла Кароматов 1928 йил Бухорода туғилган эди. Ўрта маълумотни ҳам шу ерда олиб, 1949 йилда Ўрта Осиё давлат университети — ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Филология факультетини тугатгач, Ўзбекистон радиосида ишлади.
Устоз журналист "Ўзбекистон овози", "Тошкент оқшоми" ва "Вечерний Ташкент" каби газеталарнинг муҳаррири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби ҳам бўлган. Саъдулла Кароматов меҳнатлари юқори қадрланиб, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» унвонига муносиб топилган.

Саъдулла Кароматовнинг журналистик фаолияти 1954 йилдан бошланди. 60-йилларда у вақтли матбуот саҳифаларида очеркнавис сифатида кўринди. 1963 йилда эса биринчи йирик насрий асари - «Тоғлар табассуми» ҳужжатли повести яратилди. Сўнг «Амунинг зар кокиллари», «Гўзаллик рамзи», «Кумуш камар» сингари очерклар тўпламлари босмадан чиқди. Шундан сўнг устоз журналист моҳир ҳикоянавис ва қиссанавис сифатида қалам тебратиб, «Бир томчи қон», «Эътиқод» (1970) каби қиссаларини яратди. Саъдулла Кароматов сўнгги йилларда геологлар ҳаётидан олиб ёзилган «Олтин қум» ва чўлларни ўзлаштираётганларга бағишланган «Сўнгги бархан» романларини яратган эди.
Саъдулла Кароматов моҳир таржимон сифатида ҳам баракали қалам тебратиб келди. У Жюль Верннинг «Сув остида 8000 миль», туркман ёзувчиси Қилич Қулиевнинг «Қора карвон» романларини, эрон ёзувчиларининг ҳикоялар тўпламини, тожик ёзувчиси Юсуф Акобировнинг «Тегирмон тўхтагач» қиссасини, Вадим Кожевниковнинг «Пешин чоғи кунгай томонда» романини ўзбек тилига ўгирган эди.
Саъдулла Кароматов узоқ йиллар давомида "Тошкент оқшоми" ва "Вечерний Ташкент" газеталари таҳририятида бош муҳаррир сифатида меҳнат қилди. Ўша даврда газета пойтахтнинг ижтимоий -иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётига оид энг долзарб янгиликлар, азим шаҳримизнинг кундалик ҳаёти, муаммолари, одамларнинг дарду ташвишларини дадил кўтариб чиқувчи ҳаққоний минбарга айланганини бугун тарихий ҳужжатга айланган газета тахламларидан ҳам, катта авлод вакилларининг, айниқса ёши улуғ журналистларнинг самимий эътирофидан ҳам билса бўлади.
Бу жиҳатлар ёш газетхон сифатида "Тошкент оқшоми"ни варақлаган хотираларимизда ҳам ўчмас нур бўлиб милтираб тургани рост. Айни пайтда бугун миллий журналистика, адабиёт, ижтимоий-маданий ҳаётимизда дарғаларга айланган кўплаб ижодкорлар ўз даврида Саъдулла Кароматовдан кўп яхшиликлар, эътибор, рағбат кўрган.
Хотира тадбирида атоқли ёзувчи ва журналист Саъдулла Кароматовнинг ибратли фаолияти, серқирра ижоди, ёрқин хотиралари ёдга олинди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири