Яхши дам – меҳнатга ҳамдам
Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида жойлашган ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ўқув марказида Фарғона давлат университети ҳарбий факультети курсантлари иштирокида “Қувноқлар ва зукколар” беллашуви бўлиб ўтди.
“Яхши дам – меҳнатга ҳамдам” шоири остида ўтазилган ушбу беллашув давомида ҳарбий хизматчилар ва университет курсантлари жамоалари “Танишув”, “Ҳарбийлар ҳаётидан бир кун”, “Сардорлар беллашуви” ва “Эркин мавзу” каби тўртта шарт бўйича ўзаро баҳслашди.

– Бугунги тадбирдан барчанинг кайфияти юқори. Зеро, беллашувни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳарбийлар ва курсантлар ўртасидаги ўзаро дўстона муҳитни шакллантириш, уларнинг хордиқларини мазмунли ташкил этиш саналади, – дейди майор Жасурбек Тўлаганов.
– Ҳазил-мутойибалар билан дилларга хушнудлик улашган курсантлар ўқув марказимизда яратилган шароитлар билан ҳам яқиндан танишдилар. Аминманки, бундай тадбирлар бизга муносиб издошларни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Мен ҳам ҳарбий бўламан
Ёшлар ҳал қилувчи куч. Янги Ўзбекистоннинг янги авлодини ҳар томонлама баркамол, юксак салоҳиятли этиб тарбиялаш, уларни юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан улғайишга чорлаш мақсадида, республикамиз бўйлаб кенг қамровли тадбирлар ўтказилмоқда.

Фарғона вилоятининг Фарғона туманидаги 8-сонли умумтаълим мактабида ҳам ўқувчи ёшлар иштирокида “Мен ҳам ҳарбий бўламан” шиори остида ватанпарварлик тадбири бўлиб ўтди. ДХХ Чегара қўшинларига қарашли Фарғона туманидаги бўлинма ҳарбийларининг ташрифи, уларнинг ўзларига ярашиб турувчи либослари, давлат чегараси қўриқловида фойдаланилаётган қурол-аслаҳалар намойиши, ўз йўриқчисининг буйруқларини бекаму-кўст бажараётган хизмат итлари иштирокидаги чиқишлар ўқувчи ёшларга катта таассурот қолдирди.
Ўз навбатида ёшлар ҳам жасорату, мардликни тараннум этувчи бадиий чиқишлари билан тадбир қатнашчиларига кўтаринки кайфият улашди.

Барно Мелиқулова,
ЎзА