Яшнободда аҳоли учун муносиб ва хавфсиз муҳит яратиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов Яшнобод туманида криминоген вазиятни барқарорлаштириш, коррупциянинг олдини олиш, маҳаллалар ободонлигини таъминлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш масалаларини ўрганди.
Таҳлилларга кўра, туманда жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида 642 жиноят қайд этилиб, шундан олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 243 тани ташкил этган. Вояга етмаганлар томонидан 27, аёллар томонидан 76, профилактик ҳисобда турган шахслар томонидан эса 44 жиноят содир этилган.
Сенатор туманнинг “Жарқўрғон” ва “Чўлпон” маҳаллаларида бўлиб, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий ва криминоген вазиятни ўрганди, “маҳалла еттилиги” вакиллари ҳамда фуқаролар билан учрашди.

Унда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш, аҳоли мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маҳаллаларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларининг ҳолати, аҳоли учун яратилган шароитлар ҳамда ҳудуд инфратузилмаси билан боғлиқ масалалар кўздан кечирилди.
Ўрганишлар жараёнида Президентимиз томонидан жорий йил 3 сентябрда камбағалликни қисқартириш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромад манбаларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳлил қилинди.

Аниқланган муаммолар юзасидан масъулларга тегишли тавсия ва топшириқлар берилиб, уларнинг ижросини таъминлаш, маҳаллаларда аҳоли учун муносиб ва хавфсиз муҳит яратиш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Н.Абдураимова, ЎзА