“Яшил йиллик”: Бахмалда иш қизғин
Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманлари, қишлоқ ва маҳаллаларида “Яшил йиллик” умуммиллий тадбирлари изчиллик билан амалга оширилаётир.
Кўчат экиб, боғ яратиш халқимизга хос миллий қадриятлардан ҳисобланиб, бизга қадим-қадимдан, ота-боболаримиздан мерос бўлиб авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Бугунги кунга келиб ушбу анъана бутун мамлакатимиз бўйлаб умуммиллий ҳаракатга айланди.
Президентимиз ташаббуси билан бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида шаҳар, туманлар, қишлоқ, маҳаллалардаги ҳар бир қарич бўш жойга, кўча ва хиёбонларга мевали, маназарали дарахт кўчатлари ҳамда буталар ўтқазилмоқда. Аҳоли яшаш манзиллари, корхона, ташкилот ва муассасалар атрофлари яшил ҳудудга айлантирилмоқда.
Жумладан, вилоятнинг Бахмал туманида топшириққа асосан, ўтган 2021 йилнинг куз фасли ва жорий йил давомида режа бўйича жами 1 миллион 315 минг 800 дона мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиш режаси ишлаб чиқилган бўлиб, шундан, ўтган йилнинг ноябрь–декабрь ойларида 480 минг 100 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Президентимиз раислигида жорий йил 2 февраль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасидаги долзарб вазифалар яна бир бор муҳокама қилиниб, унда шу йилнинг 1 мартидан эътиборан “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири бошланиши маълум қилинганди.
Ана шу умуммиллий тадбир доирасида 2022 йил баҳор мавсумида кўчат экиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирларни ўз ичига олган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, баҳор ойларида туман бўйича 294 минг туп олма, гилос, беҳи, ёнғоқ ва 566 минг 788 туп арча, терак, қайрағоч, павловния сингари манзарали дарахт кўчатларини экиш юзасидан режа тасдиқланган. Ушбу режага кўра, тумандаги кўчат етиштирувчи “Азамат Ўктамов” фермер хўжалиги билан 20 минг туп манзарали павловния кўчати, “Бахмал асл павловнияси” фермер хўжалиги билан 35 минг, жами 55 минг туп туман ҳудуди тупроғи, иқлими ва шароитига мос келадиган ҳар хил турдаги кўчатларни етказиб бериш юзасидан шартномалар тузилган эди.
Бундан ташқари, тумандаги “Тонготар” қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилиб келаётган кўчат билан шуғулланувчи 2 нафар фуқаро томонидан жами 15 минг, “Бахмал давлат ўрмон хўжалиги” зиммасига 46 минг 200 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етказиб бериш вазифаси қўйилганди.
Ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда ўрмон хўжалиги кўчатхоналарида шу турлардаги 55 минг туп кўчат захираси яратилган бўлиб, қолган қисми мамлакатимизнинг Бахмал тумани иқлими ва шароитига мос келадиган бошқа ҳудудларидан келтирилиши назарда тутилган.
Кўчатларни тайёрлаш усули ва етиштириладиган ниҳолларининг сифати “Агроинспекция”нинг туман бўлими мутахассислари томонидан назорат қилиб борилмоқда. Бунда мевали кўчатларни пайвандланган ва юқори ҳосилли навларини танлаб олиш, уларни етиштиришнинг ҳудудий чегараларини аниқлаш, табиий-қишлоқ хўжалиги бўйича районлаштириш ҳамда иқлимлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Туманда изчиллик билан олиб борилаётган “Яшил йиллик” умуммиллий тадбирлари давомида тупроққа қадалаётган ҳар туп ниҳолнинг нафақат экилиши ва ушбу кўчатларнинг ўз вақтида суғорилиб, беталофот кўкариши ҳам туман ҳокимлиги, секторлар раҳбарлари ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг қатъий назоратига олинган.
А.Қаюмов, ЎзА