Яшил шаҳар ва тоза экологик муҳит — барқарор ривожланишнинг муҳим шарти
Шу кунларда юртимизда “Барқарор ривожланиш мақсадлари” ойлиги ўтказилмоқда. Мазкур ойлик доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ва Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамкорлигида “Барқарор шаҳарлар ва хавфсиз аҳоли яшаш муҳитини шакллантириш” мавзусида конференция ўтказилди.
— Мамлакатимизда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги ислоҳотлар доирасида шаҳарлар ва аҳоли яшаш пунктларининг хавфсизлиги ва экологик барқарорлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, таълим ва соғлиқни сақлаш сифатини яхшилаш, гендер тенгликни таъминлаш, ижтимоий ҳимоя механизмларини кучайтиришга қаратилган ишлар изчил амалга оширилмоқда, — деди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси Х.Ғаффоров. — Яшил шаҳар ва экологик муҳитни шакллантириш барқарор ривожланишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида шаҳарларда боғлар, хиёбонлар, яшил йўлаклар ва яшил белбоғларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Шунингдек, шаҳарлар бош режалари ва батафсил режалаштириш лойиҳаларини тузишда мажбурий тартибда ҳудуднинг камида 30 фоиз қисмини яшил майдонлар (парклар, сайр йўлаклари, боғлар) сифатида лойиҳалаш талаби жорий этилди.
Таъкидланганидек, БРМнинг 11-мақсади шаҳарлар ва аҳоли яшаш пунктларининг очиқлиги, хавфсизлиги ва экологик барқарорлигини таъминлашга қаратилган. Бу мақсадлар йўлида биргина 2025 йилда давлат бюджетидан 31 трлн. сўмдан ортиқ маблағ сарфланган бўлиб, бу давлат бюджети харажатларининг 8,1 фозини ташкил этади.
Бундан ташқари, ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш инфратузилмасини ривожлантириш учун охирги 8 йилда қарийб 20 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан 36 минг километрдан ортиқ ичимлик ва оқова сув тармоқлари тортилган, 3,5 мингдан зиёд иншоотлар қурилган ва реконструкция қилинган. Натижада аҳолининг марказлаштирилган ичимлик суви таъминоти билан қамров даражаси 63 фоиздан 82,8 фоизга етказилган. 5,6 млн. нафар аҳоли илк бор марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминланиб, 13,9 млн. нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланган.

Муҳокамаларда шаҳарларда транспорт тизимини барқарор ривожлантириш, жамоат транспорти жозибадорлигини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Барча ҳудудий марказларда транспорт “Мастер режа”лари асосида йўловчи оқимлари ўрганилиб, Тошкент шаҳрида 170 та, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида 248 та янги йўналиш тармоғи шакллантирилган. 2023-2025 йилларда 2 минг 651 та замонавий автобус, жумладан 646 та электробус харид қилиниб, йўналишларга жойлаштирилган.
Қайд этилганидек, бугунги кунда республика бўйича жамоат транспорти йўналишлари сони 3 минг 370 тага етган. Ушбу йўналишлар орқали 9 минг 331 та маҳалла фуқаролар йиғини қамраб олинган бўлиб, жамоат транспорти қамрови 98,8 фоизни ташкил этмоқда.
Конференцияда таъкидланганидек, урбанизация, иқлим ўзгариши ва экологик муаммолар аҳоли учун хавфсиз, қулай, экологик тоза, энергия самарадор ва иқлим ўзгаришларига чидамли яшаш муҳитини яратиш борасидаги комплекс чора-тадбирларни жадал давом эттириш лозим. Бу борада энергия самарадорлигини ошириш, “яшил маҳалла”ларни ташкил этиш, пиёда ва велосипед инфратузилмасини комплекс ривожлантириш бўйича қатор амалий таклифлар илгари сурилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА