Яшил саноат сиёсати ва чиқиндилар бошқарувининг ҳуқуқий асослари муҳокама қилинди (+видео)
Сўнгги йилларда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, чиқиндилар ҳажмини камайтириш ва экологик хавфсиз технологияларни жорий этиш масалалари нафақат халқаро миқёсда, балки Ўзбекистонда ҳам алоҳида долзарблик касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида “Яшил саноат сиёсати ва чиқиндилар бошқаруви — ҳуқуқий асослар ва бизнес имкониятлари: халқаро ва миллий тажриба” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Мазкур тадбир глобал экологик кун тартибининг тобора долзарб аҳамият касб этиб бораётгани, барқарор ривожланиш, иқлим хавфсизлиги ҳамда циркульяр иқтисодиёт тамойилларига ўтиш бўйича халқаро талаблар кучайиб бораётган бир шароитда ташкил этилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/jjgMGl5kMqc" title="Yashil sanoat siyosati va chiqindilar boshqaruvining huquqiy asoslari muhokama qilindi " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси, етакчи олимлар, академиклар, профессорлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, халқаро экспертлар, экология, ҳуқуқ, чиқиндиларни қайта ишлаш, “яшил” иқтисодиёт ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мутахассислар иштирок этдилар.
Конференция иштирокчилари чиқиндилар билан ишлаш соҳасида замонавий ҳуқуқий механизмларни ривожлантириш, инновацион экологик ечимларни жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш экологик барқарорликни таъминлаш ва самарали “яшил” ривожланиш тизимини шакллантиришнинг муҳим шарти эканини таъкидладилар.
Мазкур халқаро илмий-амалий конференциянинг ўтказилиши давлат органлари, илмий ҳамжамият, бизнес вакиллари ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга, шунингдек экологик хавфсизлик ва чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги миллий сиёсатни янада такомиллаштириш юзасидан амалий таклифлар ишлаб чиқилишига хизмат қилди.
М.Турдалиева, А.Аҳмедов, ЎзА