“Яшил макон”: Зоминда иш қизғин
Жиззах вилояти Зомин тумани ҳокимлиги ва туман ўрмон хўжалиги бўлими “Яшил макон” умумиллий лойиҳаси доирасида уюштирилган ҳашарда кўнгиллилар иштирок этди.
Эрта тонгдан зоминликлар адирлик бағрида яратилаётган “Яшил маскан”га йиғилиб, гуруҳларга бўлинган ҳолда ким жой тайёрлаш, ким чуқурчалар ўрнини белгилаш, яна кимдир арча ниҳолларини етказиб бериш ва бошқа ишларини тақсимлаб олиб, қизғин ишга киришди.
Яхшидан боғ қолади, дейди халқимиз. Бугун қадалаётган ҳар битта ниҳол эртанги кунда фарзандларимиз, келажак авлод учун ҳам файзли боғ-роғ ҳам ибрат маскани сифатида қолиши, ҳаво мусаффолиги учун улуш бўлиб қўшилади.
[gallery-5844]
Умуммиллий лойиҳанинг ўтган 2021 йилги куз мавсумида ҳокимлик ташаббуси билан 850 гектар тоғли ҳудудни яшил маконга айлантириш учун ажратилганди. Бу ернинг иқлимига мос бўлган бодом кўчатидан 23 минг 780 туп, ўрик кўчатидан 9 минг 430 туп ва “Шарқ туяси” арчасидан 3 минг 820 тупи ўтқазилди.
Туман ўрмон хўжалиги ходимлари ва кўнгилли ҳашарчи ёшлар томонидан ушбу эзгу иш давом эттирилаяпти.
Ўрмон хўжалиги томонидан баҳорги экиш мавсумига 100 минг тупдан ортиқ манзарали ва мевали дарахт ва бута кўчатлари захираси тайёрлаб қўйилган.
“Яшил макон” умумиллий лойиҳаси нафақат Зомин тоғлари ва тоғолди адирликларида, балки бутун туман бўйлаб кенг миқёсда уюшқоқлик билан давом этмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА