«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси амалда!
Мамлакатимизда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида эълон қилинган «Долзарб 40 кунлик» ташаббус ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Миллий маданий марказ раҳбарлари иштирокида мазкур ташаббусни амалга жорий этиш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Қўмита раҳбарияти ва мутасадди ходимлари, 24 та Республика ва Тошкент шаҳар миллий маданий марказ раислари, фаоллари иштирок этди.
Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов кўп миллатли халқимиз Президентимизнинг миллатлараро муносабатлар соҳасида олиб бораётган сиёсатини доим қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Бугунги кунда ҳаётимизнинг долзарб масалаларидан бўлган яшил оламни сақлаш ва кўпайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини пухта тайёргарлик билан бошлаш ташаббуси кўпмиллатли халқимиз томонидан қизғин кутиб олинди. Қўмита раиси йиғилганларни дарахт экиш ва ободонлаштириш ишларида уюшқоқлик билан иштирок этишга чорлади.

Тадбир сўнггида Республика тожик миллий маданий маркази раиси Гулондом Субҳонова йиғилиш иштирокчиларига «Яшил макон» умумий лойиҳасини амалга ошириш бўйича миллий маданий марказлар Мурожаатномасини ўқиб берди. Мурожаатнома барча иштирокчилар томонидан маъқулланди.
Сўнг барча қатнашчилар Қўмита ҳовлиси ва кўча томонига манзарали, мевали дарахт кўчатларини экиш тадбирида иштирок этди.
– Давлатимиз раҳбарининг «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига ўзимизнинг ҳиссамизни қўшгани келдик, – деди Ўзбекистон тожик миллий маданий маркази раиси Гуландом Субҳонова. – Ҳаммамизга тоза ҳаво, мусаффо осмон керак. Нафақат Тошкентда, балки бутун Ўзбекистон бўйлаб ушбу лойиҳа катта бир қувонч билан, ҳаракат билан ажралиб турибди. Жорий йилнинг апрель ойида «Янги Ўзбекистон» боғида «Бағрикенглик боғи»ни барпо этган эдик. Ўйлайманки, келажакда ушбу боғ юртимиздаги тинчлик ва тотувликнинг амалдаги исботи бўлиб хизмат қилади.
ЎзА