Бугунги кунда бутун дунёда иқлим ўзгариши глобал муаммога айланиб бормоқда. Бу хавф биз яшаб турган маконни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Унинг олдини олиш мақсадида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Натижада дарахт ва бута кўчатлари экиш, боғлар барпо этиш, “яшил майдон”ларни кенгайтириш, саноат ҳудудларини иҳотазорлаштириш республикамизда оммавий ҳаракатга айланди.
Умуммиллий лойиҳа доирасида вилоятда баҳор ва куз ойларида дарахт ва бута кўчатларини экиш ишлари жадал суръатларда олиб борилиб, боғлар, иҳотазорлар майдонлари борган сари кенгайиб бормоқда. Зеро, яшил маконлар экологик муҳит, инсон саломатлиги, узоқ умр кўриш, келажак авлод тақдири демакдир.
[gallery-25163]
Маълумотларга кўра, Навоий вилоятида 2024 йил куз мавсумида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида қарийб 6 миллион 143,8 минг дона кўчат экилган. Кўчатлар ўрмон хўжаликлари, кўчатчилик йўналишидаги фермер ва деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқалари ва кўчатчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ҳамда Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик институти томонидан етказиб берилган.
2024 йил баҳор ва куз мавсумида 14 минг 967 дона дарахт ва бута кўчатлари суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга экилган. Лойиҳа доирасида экилган кўчатларнинг 435 минг 541 тадан ортиғи етарли агротехник талабларга риоя қилинмаганлиги оқибатида қуриб қолган. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг туман (шаҳар) инспекторлари томонидан ушбу ҳолатлар юзасидан юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан 67 та маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Вилоятда 2025 йил баҳор мавсумида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида қарийб 9 миллион 235 минг дона ҳар хил турдаги кўчатлар экилган ва маълумотлар “Yashilmakon.eco” платформасига киритилган.
Экилган дарахт ва бута кўчатлари фермер хўжаликлари дала четларига, маҳаллалар ва аҳоли томорқаларига, ободонлаштириш бошқармалари ҳудудларига, ўрмон фонди ерларига, автомобиль ва темир йўл ёқаларига, дарёлар, каналлар, ариқлар ва зовурлар бўйларига, саноат корхоналари, мактабгача ва мактаб таълими муассасалари, олий ўқув юртлари, соғлиқни сақлаш объектлари, идоралар ва корхоналар ҳудудларига экилган. Шунингдек, атроф-муҳитга таъсир хавфи бўйича юқори ва ўрта даражадаги хавфли тоифаларга мансуб саноат корхоналари томонидан ўзлари ва туташ ҳудудларда "Яшил белбоғ"лар барпо этилди.
– Вилоятда кўчат ўтқазиш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, аниқ манзилли дастурлар ишлаб чиқилган, – дейди вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нурали Болтаев. – Жумладан, вилоятнинг суғориш тизими мавжуд бўлмаган ҳудудларида 19 та тик қудуқ қазилиб, суғориш тизимлари йўлга қўйилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2025 йил баҳор мавсумида кўчат экиш бўйича назорат тадбирларини сифатли олиб бориш мақсадида жалб қилинган ходимларга планшетлар ва влагомер қурилмалари берилди. Шунингдек, Навоий вилоятида чўлланиш, қурғоқчилик, чанг-қум бўронлари ва ҳароратнинг кўтарилиши олдини олиш мақсадида вилоят ҳокимининг тегишли фармойишига асосан Конимех туманида 2 минг ва Учқудуқ туманида 14,2 минг гектар ўрмон фонди ер майдонларига кичик авиация ёрдамида чўл ўсимлиги уруғидан экилиб, “яшил қопламалар” барпо қилинди.
Аммо “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2025 йил баҳор мавсумида экилган кўчатларга етарлича ишлов берилмаслик ҳолатлари ҳам аниқланган. Жумладан, агротехник талабларига риоя қилинмаганлиги оқибатида 310 мингдан ортиқ кўчатлар қуриб қолган ва уларнинг қуриб нобуд бўлишига йўл қўйган 67 нафар мансабдор шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 79-модда 3-қисми билан 228,5 миллион сўм жарима қўлланилган.
Навоий вилоятида чўл ҳудудлари, саноат корхоналарининг кўплиги боис бошқа ҳудудларга нисбатан атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси ҳам анча юқори.
Йирик саноат корхоналарининг аксарияти Навоий шаҳрида жойлашганлиги туфайли шаҳарда истиқомат қилувчи аҳоли бундан азият чекади. Бу салбий ҳолатнинг олдини олишнинг энг мақбул йўлларидан бири эса "кислород ишлаб чиқариш заводлари” – “яшил макон”ни кўпайтиришдир. Қиши изғиринли, ёзи гармсел, қумзорлар бағрида жойлашган чўл ҳудуди учун эса “яшил ҳудуд”лар сув ва ҳаводек зарур.
Қолаверса, боғлар ҳудуд кўрки, таровати ҳисобланади. Уларнинг меваси, сояси инсоният учун ризқ-насиба, ҳаёт манбаидир.
Абдували Бўриев,
ЎзА мухбири