“Яшил макон”: кузги кўчат экиш давом этмоқда
Жиззах вилоятининг барча шаҳар, туман, қишлоқ ва маҳаллалари, корхона, ташкилот, муассасалар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги кўчат экиш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Жиззах вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси жамоаси ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишга ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшди.

Вилоятдаги марказий чиқинди полигони атрофига экилган 400 туп қайрағоч ва тол дарахти кўчатлари тўлиқ агротехника қоидаларга амал қилинган ҳолда экилди. Ҳар бир ниҳол бехато ўстирилса, чиқинди полигонидан атрофга чиқадиган зарарли газларнинг ютилиши ва атмосфера ҳавосини ифлосланишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу дарахт кўчатларининг барқарор ўсиши учун органик ўғитлар солиниб, экилган ҳар бир дарахт кўчати учун масъуллар бириктирилди.
Давлат экология қўмитаси ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мамлакатимиздаги 14 та олий таълим муассасасида бир вақтнинг ўзида кузги кўчат экиш тадбирлари ташкил этилди.

Жиззахда ушбу тадбир политехника институти боғида “Ҳар бир талабага биттадан кўчат!” шиори остида ташкил этилди.
Институт ҳудуди жами 2,5 гектар майдонни эгаллайди. Шундан 1 гектардан ортиқ майдонда яшил ҳудуд барпо этилган.
– Олийгоҳимиз яшил ҳудудида кўп йиллик арча, чинор, тол ва бошқа манзарали дарахтлар ўстирилмоқда. Институтимизнинг ҳудудида ҳосил бўлган яшил олам сокин манзилга айланган. Яшнаб турган ушбу дарахтлар ва бугун шаҳарнинг “Боғишамол” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли ҳудудда экилган ҳар бир дарахт кўчатининг баравжлиги доимий назоратимизда бўлади, – дейди Жиззах политехника институт проректори Шуҳрат Алиқабулов.

Институт жамоаси томонидан жорий йил “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида шаҳарнинг “Боғишамол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги адирликларга 1 минг 400 туп иқлимга мос манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилган эди. Шу куни ушбу ҳудудга Жиззах политехника институти талабалари томонидан яна 600 туп манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Жиззахда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кузги кўчат экиш ишлари қизғин давом этмоқда.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА