“Яшил макон”: ҳар бир фуқаронинг ҳиссаси муҳим
Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш борасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларда дендрология боғларини ташкил этиш ғояси экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган.
Албатта, булар натижасида шаҳарларда “яшил камар”лар пайдо бўлади, чўлланиш ва тупроқ эрозиясининг олди олинади, биохилма-хиллик сақланади, келажак авлод учун соғлом табиий муҳит яратилади.

Жумладан, биз яшаётган Урганч шаҳрини боғловчи ҳалқа йўли бўйида “Касаба уюшма боғи”нинг барпо этилиши айни муддао бўлди. Қисқа муддат ичида ободонлаштирилган боғ 20 гектарни ташкил этиб, бу ерда 35 минг тупдан зиёд 15 хил манзарали дарахтлар, жумладан, арча, қарағай, терак, гужум ва бошқа турдаги кўчатлар экилди. Ҳозирда мазкур хиёбон аҳолининг барча қатлами учун бирдай сўлим ва гўзал масканга айланган.
Жорий йилда ҳам Урганч шаҳридаги Амир Темур номидаги маданият ва истироҳат боғи ва Ёшлар кўли ҳудудида сокин ва яшил ҳудудлар яратилади.
Шу билан биргаликда Хива шаҳар “Арда Хива” туристик мажмуасидан “Ичан-қалъа” мажмуасигача бўлган ҳудудда қиймати 16 миллиард сўм бўлган 7 км узунликдаги “Сояли сайр кўчалари” ташкил қилинади.
Энг муҳими, воҳамиз иқлим шароитида шаҳар ва қишлоқлар кўчалари, майдон ва хиёбонлари бўйлаб экилган дов-дарахтларни, яшилликларни парвариш қилиш ва ёзнинг иссиқ кунларида қуриб қолмаслиги учун астойдил ҳаракат қилиш зарур.
Ҳудудларда бу каби дендрология боғларини барпо этиш ташаббуси “Яшил макон” лойиҳасининг муҳим қисми бўлиб, у нафақат табиатни муҳофаза қилиш, балки аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Мен ҳам ушбу ҳаракатга ўз ҳиссамни қўшаётганимдан хурсандман. Мўъжазгина боғимиз бор. Унда йигирмадан ортиқ мевали ва манзарали дарахтлар, ўндан зиёд турли гулларни экиб, парвариш қиляпман.
Давлатимиз раҳбарининг кўчат экиш шахсий ташаббуси юртимизда экологик маданиятни юксалтириш, шаҳар ва қишлоқларимизни янада обод ва кўркам қилиш йўлидаги муҳим қадам бўлди ва барчани бирдек руҳлантирди.
Президентимизнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этиши барча даражадаги инсонларга куч-қувват бағишлади ва ҳаммани шу она-табиатга дахлдорлик туйғуси билан яшашга даъват қилди. Зеро, бу каби тадбирлар нафақат атроф-муҳитни муҳофаза қилишга хизмат қилади, балки аҳоли, айниқса, ёш авлод қалбида табиатга меҳр ва масъулият туйғусини шакллантиради.
Эзгу ва хайрли ишлар бардавом бўлсин.
Дилбар Бекчанова,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
Хоразм вилояти бўлими раиси.
ЎзА