“Яшил” иқтисодиётга ўтиш тезлашмоқда
Юртимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнларини жадаллаштириш, табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бунда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига икки мавсумда дарахт ва бута кўчатлари экилиб, яшил майдонлар ҳажми кенгайтирилаётган бўлса, “яшил” энергия манбаларидан фойдаланиш натижасида электр энергиясига бўлган талаб қондирилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 27 январь куни “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили давлат дастури лойиҳаси юзасидан ўтказилган йиғилишда ҳам бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш лозимлиги таъкидланган эди.
Албатта, йил сайин аҳоли сонининг ўсиб бориши, маиший техникалардан фойдаланиш, янгидан-янги субъектларнинг ташкил этилиши ва бошқа мезонлар электр энергияга бўлган талабнинг ортишига олиб келади.
Маълумотларга кўра, 2030 йилда 117 миллиард киловатт соат, 2035 йилда эса 135 миллиард киловатт соат электр энергияси талаб этилади. Бу ҳозиргидан 1,7 баравар кўп, деганидир.

Шундан келиб чиқиб, юртимизда 2030 йилга бориб жами генерацияда “яшил” энергия улушини 50 фоиздан ошириш кўзда тутилган. Жумладан, 3 мингта микроГЭСда 164 мегаватт, қуёш ва шамол қурилмалари ҳисобига 750 мегаватт қувватларни ишга тушириш режалаштирилган.
Бугунги кунда ҳудудларда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш мақсадида божхона органлари томонидан ҳам бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, божхона бошқармасида алоҳида Ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ҳар бир туман, шаҳарларга масъул ходимлар бириктирилган.
– Ушбу Ишчи гуруҳнинг асосий вазифаси қуёш панеллари ўрнатилган объектлар бўйича тўлиқ ва ҳаққоний маълумотларни “Яшил” энергия ахборот тизимига киритиб борилишини назорат қилишдан иборат, – дейди бошқарма ахборот хизмати раҳбари Акбар Ризоқулов. – Бугунги кунга қадар Навоий вилояти бўйича 4256 та объектга 56,9 мВт қуёш панеллари ўрнатилиб, “Яшил” энергия ахборот тизимига киритилган. Жумладан, 817 та ижтимоий соҳа ва давлат идораларига 25,3 мВт, 1198 та тадбиркорлик субъектларига 23,8 мВт, 2177 та аҳоли хонадонларига 6,6 мВт ва 64 та кўп қаватли уйларга 1,2 мВт лик панеллар ўрнатилди.
Бундан ташқари, Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиш, уларга бериладиган имконият ва имтиёзлар тўғрисида тарғибот қилиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Натижада 10 га яқин тўқимачилик корхоналарига 500 кВтдан ортиқ қуёш панеллари ўрнатилди.
Шунингдек, 2021 йилда Кармана туманида қуввати 100 мВт бўлган замонавий қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Бу ерда йилига 252 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Шунингдек, Томди туманида 500 мВтли шамол электр станцияси қурилмоқда. Бу ҳам электр энергиясига бўлган талабнинг бир қисмини қоплашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Йиғилишда Президентимиз таъкидлаганидек, сўнгги йиллардаги жадаллик туфайли мамлакатимизнинг жами қувватларида “яшил” энергия улуши 16 фоизга етди. Бу йил уни 26 фоизга чиқариш режалаштирилган. Бунинг учун яна 3,5 гигаваттли 16 та йирик қуёш ва шамол станцияcи, 160 мегаваттли 5 та йирик ГЭС ва 1,8 гигаваттли энергия сақлаш қувватлари ишга туширилади.
Шунингдек, давлат корхоналари, саноат ва хизмат кўрсатиш мажмуалари ҳамда хонадонларда қуёш панеллари ўрнатишни рағбатлантириш давом эттирилиб, бунга 2 триллион сўм кредит ажратилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири