“Яшил иқтисодиёт” йўлидаги дадил қадамлар
Бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида саноат корхоналари фаолияти нафақат ишлаб чиқариш ҳажми ва иқтисодий самарадорлик, балки атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ижтимоий масъулият мезонлари билан ҳам ўлчанади.
Бугунги кунда Навоий кон-металлургия комбинатида экологик барқарорликни таъминлаш, халқаро ESG (Экология, ижтимоий ва корпоратив бошқарув) тамойилларини жорий этиш ҳамда “яшил иқтисодиёт” талабларига мос фаолият юритиш устувор вазифалардан бирига айланган. Бу ҳақда “НКМК”АЖ Меҳнатни муҳофаза қилиш, саноат хавфсизлиги ва экология департаменти бўлим бошлиғи Хайрулло Бақоев қуйидагиларни гапириб берди:
– Сўнгги йилларда мамлакатимизда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар, шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси, “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш стратегияси ҳамда иқлим ўзгаришига қарши миллий дастур саноат корхоналари зиммасига ҳам катта масъулият юкламоқда. НКМК ушбу вазифаларни амалга оширишда фаол иштирок этиб, экологик бошқарув тизимини халқаро стандартлар асосида босқичма-босқич такомиллаштириб бормоқда.
Комбинатнинг бу борадаги энг муҳим ютуқларидан бири 2025 йилда “Sustainable Fitch” халқаро рейтинг агентлиги томонидан илк бор корпоратив ESG рейтинги билан баҳоланганидир. Натижада, НКМК Ўзбекистон тоғ-кон саноатида ESG рейтингини олган биринчи компания бўлди.
Экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида кейинги йилларда комбинатда қатор муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, “SRK Consulting” компанияси билан ҳамкорликда олтин қазиб олиш (RGMP) ҳамда цианидлар билан ишлаш бўйича халқаро кодекс (ICMC) талабларига мувофиқлик аудити ўтказилди.
Бундан ташқари, иқлим хавфларини баҳолаш ишлари ҳам изчил олиб борилмоқда. Масалан, 2023-2024 йиллар учун иссиқхона газлари эмиссияси қайта ҳисоб-китоб қилиниб, комбинатнинг декарбонизация стратегияси ишлаб чиқилди. Шунингдек, меҳнат муҳофазаси, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биохилма-хиллик ҳамда манфаатдор томонлар билан ҳамкорликка оид қатор экологик корпоратив сиёсат дастури ҳам тасдиқланди. Айниқса, 2026-2028 йилларга мўлжалланган экологик реабилитация ва атроф-муҳитга антропоген таъсирни камайтириш дастурининг ишлаб чиқилгани соҳамизда янги қадам бўлди.
Комбинатнинг қабул қилинган стратегиясида муқобил ва қайта тикланувчи энергияга ўтиш, энергия самарадорлигини ошириш, саноат корхоналари ва биноларда энергия сарфини камайтириш ҳамда замонавий технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган. Яшил транспортни ривожлантириш орқали электромобиллар ва гибрид транспорт воситаларидан фойдаланишни кенгайтириш, иқлимни муҳофаза қилиш лойиҳалари бўйича атмосферадаги зарарли газларни ютиш учун дарахтзорларни кўпайтириш ҳамда карбонат ангидрид чиқиндиларини ушлаб қолувчи инновацион технологияларни татбиқ этиш каби асосий чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқилган экологик корпоратив сиёсат комбинатнинг табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришга қаратилган мажбуриятлари ва стратегиясини ўзида мужассам этиб, корхонанинг барқарор ривожланиш концепцияси асосини ташкил этади.
Бу каби саъй-ҳаракатлар инвестор ва жамоатчилик орасида комбинатга бўлган ишончни ошириши билан бирга харажатларни қисқартиришга хизмат қилмоқда. Энергия ва сувни тежаш, чиқиндиларни қайта ишлаш корхонага молиявий фойда келтириб, ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлайди.
Комбинат фаолияти бевосита йирик саноат корхоналарида маҳсулот ишлаб чиқаришдан иборат. Шу боис атроф-муҳит муҳофазаси ва атмосферага таъсирни камайтириш асосий диққат марказида турибди. Ҳозирда корхоналарга ўрнатилган 263 та чанг-газ тозалаш ускуналарининг чанг-газларни тутиб қолиш даражаси 95-99 фоизни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич жаҳон амалиётидаги экологик талабларга тўлиқ жавоб беради.
Биргина 2025 йилда бешта янги чанг-газ тозалаш ускунаси ишга туширилди. Шу билан бирга, гидрометаллургия заводларида мавжуд тозалаш тизимларини модернизация қилиш ишлари амалга оширилди. Жумладан, 7-гидрометаллургия заводи, Маржонбулоқ олтин ажратиш цехи ҳамда Навоий машинасозлик заводида чанг-газ тозалаш қурилмалари ўрнатилди.
Бу саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бермоқда. Масалан, 2023 йилда чанг-газ тозалаш ускуналари орқали 1,1 минг тонна ифлослантирувчи модда ушлаб қолинган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 1,4 минг тоннадан ошди, 2025 йилда эса 1,7 минг тоннага етди. Бу эса атмосферага чиқадиган чанг-газлар ҳажми йил сайин камайиб бораётганидан далолат беради. Шунингдек, конларда мунтазам равишда чанг бостириш ва намлаш ишларининг амалга оширилиши ҳам экологик ҳолатни яхшилашга хизмат қилмоқда.
Экологик мониторинг тизимини такомиллаштириш мақсадида 2026 йилда комбинатнинг атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган объектлари ҳудудида 7 та стационар кузатув пости — “фон станциялари” ўрнатилди. Бундан ташқари, автоматик атмосфера ҳавосини мониторинг қилиш станциялари тармоғи кенгайтирилиб, замонавий “AFEX DM5200” ва “AFEX G8000” русумли ускуналар ишга туширилди. Бу эса ҳаво сифати бўйича маълумотларни онлайн қабул қилиш, атмосфера ҳавоси ҳолатини мунтазам кузатиш, фон концентрацияларини баҳолаш ва ифлосланиш манбаларини таҳлил қилиш имконини бермоқда. Жорий йил якунига қадар яна 33 та стационар кузатув пости ўрнатилиши режалаштирилган.
Бугунги кунда Навоий кон-металлургия комбинати экология соҳасидаги илғор тажрибасини халқаро миқёсда ҳам намойиш этиб келмоқда. Хусусан, яқинда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиёдаги энг йирик экологик тадбирлардан бири – “Eco Expo Central Asia 2026” кўргазмасида илк бор иштирок этиб, экологик тоза технологиялари ва инновацион ечимларини намойиш қилди. Шунингдек, комбинат томонидан GRI халқаро стандарти асосида тайёрланган “Барқарор ривожланиш ҳисоботи” жамоатчиликка тақдим этилди. Бу тажриба нуфузли тадбир иштирокчилари ва халқаро экспертларда катта қизиқиш уйғотди.
Хуллас, Навоий кон-металлургия комбинатида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар келажакка қўйилган дадил қадамдир. Бу саъй-ҳаракатлар корхонанинг жаҳон стандартларига мос равишда ривожланиб, “яшил тараққиёт” тамойиллари ҳаётга изчил татбиқ этилаётганининг ёрқин намунаси ҳисобланади.
Суҳбатни ЎзА мухбири А.Бўриев ёзиб олди