Яшил энергия — барқарор иқтисодиёт ва фаровонлик манбаи
Бугун дунё миқёсида энергия масаласи фақат иқтисодий эмас, балки экологик ва ижтимоий барқарорликнинг ҳам ҳал қилувчи омилига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ҳар бир ҳудуд тараққиётининг устувор йўналиши сифатида намоён бўлмоқда. Сирдарё вилоятида бу борада амалга оширилаётган ишлар “яшил иқтисодиёт”га ўтиш йўлидаги аниқ ва изчил қадамлардан далолат беради.
Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган энергия самарадорлигини ошириш ва соҳага инновацион ечимларни татбиқ этиш вазифаси Сирдарё вилоятида ҳам тизимли равишда амалга оширилмоқда. Хусусан, вилоят ҳокимлигида ўтган навбатдаги йиғилишда мазкур масалага алоҳида урғу берилиб, уни янги босқичга олиб чиқиш вазифалари белгилаб олинди. Вилоят ҳокими бошчилигида ўтган муҳокамаларда энергия самарадорлигини ошириш, анъанавий манбаларга тушаётган босимни камайтириш ҳамда соҳада замонавий бошқарув тизимини яратиш устувор вазифа сифатида белгиланди.


Рақамлар бу борадаги ишлар кўламини яққол намоён этмоқда. 2026 йил якунига қадар ҳудудда жами 23 минг 400 киловатт қувватга эга қуёш панелларини ўрнатиш режалаштирилган. Бу — фақатгина техник кўрсаткич эмас, балки ресурсларга оқилона муносабат ва замонавий иқтисодий фикрлашнинг амалий ифодасидир. Эътиборлиси, жорий йилнинг дастлабки чорагидаёқ ушбу режанинг қарийб 30 фоизи амалга оширилиб, 6 минг 990 киловаттлик қуёш энергияси тизимлари ишга туширилди.
Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинса, Сирдарё тумани алоҳида фаоллик кўрсатмоқда. Тумандаги 1 138 киловаттлик натижа бу ерда муқобил энергияга ўтиш шунчаки ташаббус эмас, балки изчил ва манзилли сиёсатга айланганини кўрсатади.


Жараённинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи сифатида тадбиркорлик субъектлари иштирок этаётгани диққатга сазовор. Бугун қуёш панеллари нафақат хусусий бизнес объектларида, балки йирик саноат корхоналари, кластерлар, бозорлар ва давлат муассасаларида ҳам кенг жорий этилмоқда. Бу эса жамиятда энергия истеъмоли маданияти босқичма-босқич ўзгариб, самарадорлик ва тежамкорлик ҳар бир тармоқ учун бош мезонга айланаётганини англатади.
Йиғилиш якунида йил охирига қадар қолган 16 минг киловаттдан ортиқ қувватни тўлиқ ишга тушириш бўйича аниқ “йўл харитаси” белгилаб олинди. Мутасаддиларга мавжуд имкониятларни тўлиқ сафарбар этган ҳолда ишларни жадаллаштириш, белгиланган кўрсаткичларга ўз вақтида эришиш юзасидан қатъий топшириқлар берилди.
Хулоса қилиб айтганда, Сирдарё вилоятида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш борасидаги бундай саъй-ҳаракатлар нафақат ҳудуднинг энергия хавфсизлигини таъминлашга, балки тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Зеро, “яшил энергия” — бу келажак авлодлар учун мусаффо табиат ва барқарор иқтисодий тараққиёт демакдир.
Ғулом Примов, ЎзА