Яшариб, яшнаётган Ўзбекистоним менинг!
Ўзбекистон халқ шоири Тўра СУЛАЙМОН шеъри.
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу!
Тунлари тонгдан тиниқ
Шарҳ сўрайми, оловранг – Ўзбекистон тонги бу,
Курант саси жаранглар – Қутлуғ Тошкент бонги бу!
Ўз пойтахти, ўз туғи, ўз туғроси мангу бу,
Тунлари тонгдан тиниқ Ўзбекистоним менинг!
Чиройда тонг юлдузи билан ёнма-ён ўлка,
Ҳар бир тамал тошининг ўзи бир достон ўлка.
Кечмиши, кечирмиши дунёга аён ўлка,
Жон фидо қилса арзир Жаннат маконим менинг!
Боболаримиз ҳоки-поки шу тупроқ-тошда,
Орзу, умид руҳлари акс этади Қуёшда,
Насибамиз, наслимиз, билинар бир қарашда,
Бир ушалиб, ушалмай келган армоним менинг.
Сен муқаддас бешигим, онам, она тилимсан,
Ўз айтар қўшиғимсан, эртам, эзгулигимсан.
Мен сенингсиз яшолмам, кўкдай мангулигимсан,
Боладай кўзга яқин Сир, Зарафшоним менинг!
Тупроғи олтинга тенг бу элда нон ўртада,
Елкадошлари билан катта хирмон ўртада.
Тўй-томоша, жамият, орзу, армон ўртада,
Қаторда ўз ўрни бор Алп паҳлавоним менинг!
Дарёлар сувга сероб-тоғларинг қорли бўлсин,
Эрта кунинг яна ҳам , боғли баҳорли бўлсин,
Умринг безавол, боқий, ишинг барорли бўлсин,
Яшариб, яшнаётган Ўзбекистоним менинг!
Тўра СУЛАЙМОН,
Ўзбекистон халқ шоири