Ярмарка: талаба ёшлар учун кенг имкониятлар майдони
Андижон давлат университетида “Келажак тадбиркори – 2026” касб, бандлик ва тадбиркорлик имкониятлари ярмаркаси бўлиб ўтди.
Марказий банк, “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти, Ўзбекистон Республикаси таълим ва илм-фан, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ярмарка очилишида сўз олган Андижон давлат университети ректори, профессор Бахтиёржон Акбаралиев, “Ўзмиллийбанк” АЖ “Келажакка қадам” маркази директори Элмурод Хошимов томонидан мамлакатимизда ёшлар, айниқса, олий ўқув юртлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, уларнинг ташаббус ва ғояларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги, юртимизда мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Ярмаркада вилоятдаги бошқарма, корхона, ташкилот ва муассасалар, хусусий сектор корхоналари ўзларининг мавжуд бўш иш ўринлари билан иштирок этди.
– Ярмарканинг асосий мақсади, ёшлар ҳамда олий ўқув юртлари битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш, ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашишларига кўмаклашиш, уларни замонавий касбларга йўналтириш ҳамда тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашдан иборат, – дейди “Келажакка қадам” маркази раҳбари Элмурод Хошимов. – Ишонаманки, кўплаб ёшларимиз яратилган ушбу имкониятдан фойдаланиб, ўзлари танлаган йўналишлар бўйича ишга жойлашади, тадбиркорлик фаолиятларини бошлаш учун зарур маслаҳат ва тавсиялар, амалий ёрдамлар олади.
Вилоятдаги техникумлар, умумтаълим мактаблари, нодавлат таълим муассасалари ўзларидаги мавжуд бўш иш ўринларини таклиф этди.
– Ярмаркада рус тили, математика, бошланғич синф ўқитувчиси ва бошқа қатор фанлар бўйича бўш иш ўринлари билан иштирок этяпмиз, – дейди Андижон шаҳридаги “Бобурий” хусусий мактабининг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Фахриддин Икромов. – Асосан, турли фанлар бўйича ўқитувчиларни ишга таклиф этяпмиз. Ишга жойлашиш истагидаги кўплаб битирувчилар билан суҳбатлашдик, талаб ва таклифларимизни билдирдик. Андижон давлат университети ва педагогика институтининг 20 дан ортиқ битирувчиси жамоамизда ишлашга қизиқиш билдирди.
Ярмаркада Андижон шаҳридаги “Uz-Semyung Ko” Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонаси пресслаш, сварка цехлари, умуман корхонадаги 200 га яқин бўш иш ўрни билан иштирок этди. Мазкур корхонада Андижон давлат техника институти битирувчилари ҳамда талаб этилаётган ихтисосликлар бўйича техникум ва касб-ҳунар мактабларида таҳсил олган кўплаб ёшлар ишлаш истагини билдирди.
– Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтининг иқтисодиёт йўналишида таҳсил оламан, – дейди институтнинг 4-босқич талабаси Алишер Асқаралиев. – Очиғи, ушбу меҳнат ярмаркаси мен каби кўплаб ёшларга ишга жойлашиш учун кенг имконият берди. Албатта, ўзимга маъқул бўладиган ишлардан бирини танлаб, ишга жойлашишга ҳаракат қиламан.
Шунингдек, ярмаркада Жалақудуқ туманидаги “Сафир-текстил” корхонаси ҳам мавжуд бўш иш ўринлари билан иштирок этди.
– Корхонамиз 50 та бўш иш ўрни билан қатнашди, – дейди корхона бўлим бошлиғи Замирахон Одилова. – Асосан, тикувчилик касбига эга ёки шу касбда ишлаш истаги бўлган қиз-аёлларни ишга таклиф этдик. Қизиқиш истагини билдирганларга корхонамиздаги мавжуд шарт-шароитлар, имкониятлар ҳақида маълумотлар бердик.
Ярмарка доирасида “Ўзмиллийбанк” АЖнинг “Келажакка қадам” маркази директори, вилоятдаги банклар мутахассислари, “SAM BRIGHT LINE” оилавий корхонаси раҳбари, шунингдек, иш берувчи ташкилотлар, корхона ва муассасалар вакиллари иштирокида олий таълим муассасалари битирувчилари билан очиқ мулоқот ҳам ўтказилди.
Мулоқотда битирувчиларнинг бизнес лойиҳалари ва тадбиркорлик ташаббуслари муҳокама қилиниб, уларни амалга ошириш, молиявий имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллаш юзасидан амалий таклиф ва тавсиялар берилди.
Шунингдек, “Келажак тадбиркори” лойиҳаси доирасида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, кенгайтириш истагидаги бир гуруҳ тадбиркор ёшлар ва битирувчи талабаларга имтиёзли кредит олиш учун банк ваучерлари топширилди.
– Мен Андижон шаҳрида логистика йўналишида тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйганман, – дейди ёш тадбиркор Абдурауф Раҳматуллаев. – Лойиҳани қўллаб-қувватлаш учун “Ўзмиллийбанк” дан 500 миллион сўм кредит ажратилди. Ушбу маблағ ҳисобидан тадбиркорликни янада ривожлантираман, янги иш ўринлари яратаман.
Мазкур лойиҳа ёшларнинг истиқболли бизнес-ғояларини рўёбга чиқариш, тадбиркорлик салоҳиятини ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш орқали битирувчилар бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ярмарка давомида “Ўзмиллийбанк” вилоят бошқармаси, шунингдек, вилоятдаги барча банклар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси мутахассислари томонидан битирувчи ёшларга тадбиркорликни йўлга қўйиш, кредит олиш ва расмийлаштириш, меҳнат қонунчилигига оид кенг тушунча ва маълумотлар берилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари