Ярмарка ҳамкорлик имконияти дегани (+видео)
Мана икки кундирки, Фарғонада ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси бўлиб ўтмоқда. Маълумки, вилоят саноат салоҳияти ранг-баранг ва миқёси кенг. Қолаверса, Фарғона импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича мамлакатда етакчи ўринда туради.
Тадбиркорлик субъектлари эса кичик имкониятларни ҳам ишга солиб кооперация, яъни ҳамкорликда у ёки бу саноат тармоғини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшадиган маҳсулотлар етказиб беришмоқда. Шу маънода ҳам Фарғона ярмаркаси барча ишлаб чиқарувчилар учун “КАТТА БОЗОР” эди.

–Бу ярмаркада республикамизни турли вилоятларидан ташриф буюрган 200 дан ортиқ саноат корхоналари ўзларининг 1000 дан ортиқ маҳсулотлари билан иштирок этишмоқда, – дейди Фарғона вилояти ҳокимлиги бош мутахассиси Мансур Нажмиддинов. –Бундан асосий мақсад, тармоқ ва ҳудудий корхоналар ўртасида ўзаро саноат кооперациясини ривожлантириш, бутловчи қисмлар ва хом-ашёларни етказиб бериш ҳақида шартнома келишувларини имзолашдан иборат.
Кўргазмалар залидаги қурилиш материаллари, тўқимачилик, ипакни қайта ишлаш, электротехника, фармацевтика, чарм маҳсулотлари, кимё ва нефтегаз соҳаси корхоналари павильонлари харидор ҳамда ҳамкорлар билан гавжум бўлди.

--Ярмаркалар туфайли, Жиззах, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Наманган вилоятларида ўз марказларимизни очишга эришдик, – дейди тадбиркор Маъмура Мусурмонова. –Ҳар бир вилоятда 30 та ишчи ўрни яратдик. Бизга ўхшаган тадбиркорлар учун бу ярмаркалар жуда ҳам самарали бўлди.
Фарғона ярмаркасининг яна бир ўзига хос томони шунда эдики, бу ерда интеллектуал ишланмалар ҳам қўйилди.

–Иккита катта лойиҳамиз бор. Биттаси ақлли светофор. Иккинчиси, ақлли йўл белгисидир, – дейди Тошкент ахборот технологиялари университети тадқиқотчиси Шерзод Тошматов. –Бунинг афзаллиги шундаки, у автоном ишлайди, муқобил энергиядан фойдаланилади, 300 метр яқинлашганда ҳайдовчиларга антирадар ва шунга ўхшаган қурилмалари бўлса, секин юриш, йўлда қандай йўл белгиси борлиги тўғрисида огоҳлантириш беради.

Ҳудудий ярмаркалар, у қайси вилоятда ўтмасин, ҳар гал бирон жиҳати билан бойиб боряпти. Масалан, Фарғонада илк бор ногиронлар иштирокидаги корхоналарнинг маҳсулотлари намойиш этилди. Амалдаги қонунчиликка кўра ишчилар сонининг ярми ногиронлардан иборат бўлса, у корхона харидор билан тўғридан тўғри шартномалар туза олади. Шу жиҳатдан ҳам ўзаро ҳамкорлик ва харидлар миқдори салмоқли эди.
–Кеча ва бугунги натижаларга кўра “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзкимёсаноат” тизимидаги корхоналар ўртасида дастлабки келишувлар бўйича 350 миллиард сўмлик шартномалар тузилди.

Фарғона ярмаркасида анъанага кўра қўшни давлат –Қирғизистоннинг Боткен вилоятидан 15 нафар тадбиркорлар иштирок этдилар. Норуда материалларни ишлаб чиқариш соҳасида фаолият кўрсатаётган корхоналар билан қирғизистонлик тадбиркорлар кооперация усулида ишлаш имкониятларини ишга солиш юзасидан келишувларга эришдилар.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Al2X_qjVMfs" title="YARMARKA HAMKORLIK IMKONIYATI DEGANI" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА