Яримўтказгичлар саноатида янги концепция: Тау масштаблаш қонуни нимани ўзгартиради?
Яқинда Шанхайда бўлиб ўтган “IEEE ISCAS-2026” халқаро симпозиумида “Huawei” компанияси вакили Ҳе Тинбо яримўтказгичлар ривожи учун янги ёндашув - Тау масштаблаш қонунини (τ Scaling Law) тақдим этди. Бу ҳақда компаниянинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ахборот хизмати маълум қилди.
Ушбу концепция анъанавий геометрик кичрайтириш ўрнига вақт доимийси (τ) асосида масштаблаш тамойилини таклиф қилади. Бу ёндашув яримўтказгич тизимларида кечикишни камайтириш, энергия самарадорлигини ошириш ва транзисторлар зичлигини янада яхшилашга қаратилган.
Янги модель “LogicFolding” технологияси асосида қурилма, схема, чип ва тизим даражаларида комплекс оптималлаштиришни назарда тутади. Бу эса ҳисоблаш қуввати ва умумийтизим унумдорлигини сезиларли ошириш имконини беради.
Компания сўнгги олти йил давомида τ Scaling Law тамойиллари асосида 381 та чипни ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этганини маълум қилди. Шунингдек, 2026 йил кузида чиқиши кутилган “Kirin” чиплари ҳам айнан ушбу архитектура асосида яратилиши режалаштирилмоқда.
Компания прогнозларига кўра, 2031 йилга бориб мазкур ёндашув асосида ишлаб чиқилган чиплар 1,4 нанометр технология даражасига тенг транзистор зичлигига эришиши мумкин.
Ҳе Тинбо қайд этганидек, яримўтказгич саноатининг барқарор ривожи учун халқаро ҳамкорлик ва очиқ инновациялар ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА